Танлаш имконияти мавжудлиги яхши яшаш ҳуқуқи таъминланганидир
«Биз қудратли тўқимачилик ва енгил саноатни ташкил этиб, пахта билан эмас, балки барча ривожланган мамлакатлар каби савдо қилмоғимиз зарур». Давлатимиз раҳбари истиқлолнинг дастлабки йилларида айтган бу фикр чуқур ўйланган, узоқни кўзлаган стратегик ҳаракатлар туфайли амалга оширилди.
«Биз қудратли тўқимачилик ва енгил саноатни ташкил этиб, пахта билан эмас, балки барча ривожланган мамлакатлар каби савдо қилмоғимиз зарур». Давлатимиз раҳбари истиқлолнинг дастлабки йилларида айтган бу фикр чуқур ўйланган, узоқни кўзлаган стратегик ҳаракатлар туфайли амалга оширилди.Барча соҳаларда ишлаб чиқариш, миллий маҳсулот яратиш вазифаси қўйилгани юртдошларимизни ташаббускорликка чоғлади. Тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантиришга бўлган эътибор туфайли бу соҳада йирик ишлаб чиқариш корхоналари пайдо бўлди. Уларда сифати билан жаҳон бозорида машҳур бўлган ўзбек пахтасидан турфа газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Юзлаб хилдаги болалар, аёллар, эркаклар кийим-кечаклари бугун нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам энг табиий бренд сифатида ўз ўрнини топмоқда.
Бугунги ёшларга ҳавасимиз келади. Ахир танлаш, кўнгилдагидек кийиниш имконияти мавжудлиги ҳам одамнинг инсондек яшашга бўлган ҳуқуқининг тўла таъминланганидир!
Қувонарлиси, ёшлар нафақат энг яхши нарсалар эгаси, балки унинг яратувчиси ҳамдир. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида фаолият юритаётган “Lukbo Тextile” корхонасига йўлингиз тушса, бунга амин бўласиз.
Компьютерлашган дастгоҳ олдида туриб, мониторга нафис гул аксини тушираётган қиз эътиборимни тортди. Зиёда Эргашева ёш бўлишига қарамай, Европадан келтирилган замонавий “МНМ-4000” дастгоҳида тайёр кийимларга гул тушириш, унинг дизайнига кўрк бағишлаш билан шуғулланаётган экан. Паркент тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш коллежини тамомлаб, бу ерга ишга келган Зиёда чизган бежирим шакллар бир пасда болалар футболкаларида акс эта бошлади. Ўнга яқин бундай дастгоҳнинг ҳар бири кунига эллик мингга яқин тайёр маҳсулотга безак бера олади.
Бу давлатимиз томонидан саноат соҳасини модернизация қилиш, уни техник ва технологик янгилаш учун барча шарт-шароит яратилгани натижасидир. Маҳаллийлаштириш дастури туфайли юзлаб корхоналар импорт ўрнини босувчи, халқимиз эҳтиёжига мос янги-янги маҳсулотларни тайёрлаш имконига эга бўлаётир. Жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур дастур доирасида қиймати 1,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 640,6 миллион доллардан ошиб кетди.
Қайд этиш жоизки, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий ўсиш ва иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартиришнинг энг муҳим манбаидир. Мамлакатимизда бу борада тўпланган тажриба иқтисодиётнинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, ички эҳтиёжни шакллантириш ва бозорларимизни зарур истеъмол товарлари ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдиришга йўл очаётир. Ташкил этилаётган ишлаб чиқариш қувватларининг тўлиқ фаолият кўрсатиши аҳоли бандлигини таъминлаш, валюта ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишда муҳим роль ўйнамоқда.
Ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари турларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўтган даврида тўқимачилик соҳасида 38 турдаги янги маҳсулот ва тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг 174 янги моделини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 108,1 фоизни ташкил этди.
Бу борада “Lukbo Тextile” корхонаси ҳам ўзига хос тажриба тўплаган. Европа бозорларида харидорлар ишончини қозонган “C&A”, “Wissmach”, “Primark” каби брендлар билан ўзаро ҳамкорлик маҳсулот сифати ва турининг ошишига олиб келди. Кийим-кечаклар моделини яратишда модельер-конструкторларнинг муаллифлик ғоялари ва технологларнинг тажрибасига таянилмоқда. Айни пайтда корхонада ҳар ойда 350 турдаги 1,5 миллион дона тайёр кийим-кечак тайёрланиб, харидорларга етказилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва кафолатларини кучайтиришни назарда тутадиган тартиб-таомиллар амалга татбиқ этилди. Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қиладиган бюрократик тартибларни қисқартириш ва кичик бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайтирилди.
Тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида Бош прокуратура томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилишига доир масалалар бўйича мурожаатларни туну кун узлуксиз қабул қилиш тизими жорий этилди.
Хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 31,4 фоизни ташкил этди. Соҳада банд бўлганлар сони ҳам йил сайин ўсмоқда. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида 441,8 минг иш ўрни яратилган бўлса, бунинг салмоқли қисми тўқимачилик, чарм, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати ҳиссасига тўғри келди.
– Ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар нафақат иқтисодий ўсиш, маҳсулот тури кўпайиши, балки иш ўринлари кенгайишига ҳам замин яратмоқда, – дейди “Lukbo Тextile” корхонаси директори М.Қурбонов. – Бундан беш йил олдин корхонамизда юз нафар ишчи меҳнат қилган бўлса, бу йил уларнинг сони 1,3 мингга етди. Улардан 320 нафари жорий йилда касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
Янгибозор транспорт ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирган Фотима Ўлжабоева корхонага бир ой олдин ишга келган бўлса-да, бу ердаги қайноқ ҳаётга аллақачон меҳр қўйгани чақнаб турган кўзларидан сезилиб турибди. Ишчилар учун нонушта, тушлик ташкил этилган. Дам олиш учун ҳам барча шароит муҳайё. Ишига яраша даромади ҳам ёмон эмас. Шундай бўлгач, ким ҳам суюниб, берилиб ишламайди? Бу ерда тикув машиналар товушига жўровоз бўлаётган шўх мусиқа остидаги ёшлик шижоатини кузатиш, уларга ҳавас қилиш мумкин.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти тизимида “Lukbo Тextile”га ўхшаш уч юзга яқин корхона мавжуд бўлиб, аҳоли эҳтиёжини қондираётган енгил саноат маҳсулотларининг саксон фоизини ишлаб чиқармоқда. Уларнинг ярмидан кўпи саноати ривожланган давлатлар инвесторлари иштирокида ташкил этилгани мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳити туфайлидир.
Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда яна ўнлаб янги корхоналар ишга туширилмоқда. Бу минглаб янги иш ўрни яратилади, янги турдаги замонавий маҳсулотлар харидорлар эътиборига ҳавола этилади демакдир.