Таниқли ижодкор Муҳаррама Пирматова 1971 йил 9 апрелда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган.
1993 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги ТДШУ) “Араб филологияси” факультетини бакалавр, 2000 йилда аспирантурасини тамомлаган.
Узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида у “Тонг юлдузи” болалар ва ўсмирлар газетасида бўлим муҳаррири, “XXI аср” ижтимоий-сиёсий газетасида мухбир, “Ислом нури” газетаси бўлим муҳаррири, “Ўзбекистон матбуоти” – “Пресса Узбекистана” маънавий-маърифий, илмий-сиёсий журналида масъул котиб, бош муҳаррир, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда Стратегияни белгилаш ва мониторинг бўлими етакчи мутахассиси, 2023 йилдан буён Агентликнинг Халқаро ахборот таҳририятида етакчи муҳаррир лавозимида ишлаб келаётган эди.
Маълумот ўрнида: М.Пирматова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, марҳум Мукаррама Муродованинг қизи, шунингдек, Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси бошқарув кенгаши аъзоси, таниқли шоир Иброҳим Жияновнинг турмуш ўртоғи ҳисобланади.
Истеъдодли ижодкор, меҳрибон устоз, фидойи ва жонкуяр инсон Муҳаррама Пирматованинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
ЎзА