English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таниқли шоир Турсун Алининг янги китоби нашр этилди
16:34 / 2026-01-08

-

Девордан боқаётган

Мумтоз шоирнинг

Ғамгин кўзларига тикиламан оғир.

Нелардир дерди у:

Балки

шеър ўқир овозсиз ёниб,

Балки

ўртар дўстлар соғинчи.

Ҳароратли ва изтиробли, ёниқ сатрлари билан минглаб қалбларни забт этган таниқли шоир Турсун Алининг “Яшил дарахтзор” тўплами нашр этилди. Китобдан муаллифнинг шеърлари, адабий ўйлари, мақолалари, хотиралари, ижодкорлар билан суҳбатлари ва йўлномалар ўрин олган.

 Булутлар қоп-қора-очунда йиғи

бошлари солланган-

худди Файнберг сочларидай

Оловтан дарахтлар мунғайган кўйи.

Қора қуш сояси тушган хонадон,

Уч шоир, уч ўртанган кўнгил, 

Руҳимизда овозсиз йиғи.

Талантли шоир Турсун Алининг шеърларини ўқисангиз қалбингиз ларзага келади, ҳаёт ва унинг мураккабликлари, дилга яқин инсонлар қалби ва уларнинг дарду аламлари хусусида ўйлай бошлайсиз. Дилингиз ўртанади. Ҳиссиётлар жўш уради. Кўнгил қувончу изтиробларга лиммо-лим бўлади.

Китобдан жой олган атоқли шоир Азим Суюн хусусидаги хотираларни ўқиганда эса кўнглингизни ажиб бир ҳиссиётлар чулғайди, дилингиз ўртанади. “Икки тол остида Азим Суюн гоҳ ҳайқириб, гоҳ мунғайиб умр кечираётган кезларида, менинг юрагимдан “Мажнунтол” номли шеър қоғозга тўкилди. Ўша мажнунтол тагида ўқилган шеърни сиз ҳам ўқинг, азиз ўқувчи.

Боғ...

 Қартайган мажнунтол.

Унинг попукларин тўзитар

Ва новдаларин тортқилар

Кўкламнинг сармаст шамоли...

Мажнунтол тагида ўлтирар

Кексайган шоир хаёл гирдобида

Шамолларга тутиб, сирқираган кўксин.

Бунчалар бешафқат йиллар шамоли.

Таниқли шоир, “Дўстлик” ордени соҳиби Турсун Али ҳозирги замон  ўзбек шеъриятининг кўзга кўринган вакилларидан бири. Шунингдек, у адабиётимиздаги  янгиланишларни нозик кузатувчи адабиётшунос, мустақил юртимиз маънавиятидаги юксалишлардан сурур туядиган, муаммоларидан куйинадиган жонкуяр публицист ҳамдир.

Адибнинг бундан аввалги “Турналар йўли” китобининг мантиқий давомидай таассурот қолдирадиган ушбу мажмуадан жой олган бадиий пишиқ асарлар зукко ва талабчан ўқувчиларни бефарқ қолдирмаслиги табиий.

Жовли Хушбоқов,

ЎзА мухбири