Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таниқли шахматчини хотирлаб
18:50 / 2025-12-01

Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ўз даврининг таниқли шахматчиси, ФИДЕ устаси, халқаро тоифадаги мураббий, “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийси ва Боёвут туманининг фахри Маматқул Хайлаев хотирасига бағишланган шахмат мусобақаси ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида шахмат фахрийлари Ғофуржон Мирзаев, Каримберди Жумуқов, Барот Хайлаев, Гулистон давлат педагогика институти катта ўқитувчиси Умид Холиқов, Ёшлар ишлари бошқармаси бош мутахассиси Бекзод Холбоев ҳамда Сирдарё вилояти шахмат федерацияси ижрочи директори Самандар Жумаевлар иштирок этишди. Улар марҳум мураббийнинг ибратли ҳаёти, ёшларни шахматга кенг жалб этишдаги хизматлари ва вилоятда интеллектуал спорт турларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида фикр билдиришди.

Хотира мусобақаси рамзий равишда Маматқул Хайлаевнинг набиралари — Маҳмудбек Маматқулов ва Камола Маматқулова томонидан биринчи дона сурилиши билан бошланди.

Мусобақа катта қизиқиш ва юқори рақобат руҳида ўтди. Саралаш босқичлари 28 ноябрь куни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида олимпия тизими асосида ташкил этилди. Бунда барча ёш тоифалари бўйича ҳаваскор шахматчилар иштирок этишди. Саралашда ғолиб чиққан ҳар бир туман ва шаҳардан 5 нафар йигит ва 5 нафар қиз вилоят босқичига йўл олди. Профессионал шахматчилар эса бевосита вилоят босқичида беллашдилар.

Якуний натижаларга кўра,  профессионал эркак шахматчилар ўртасида  Анвар Хайлаев,  профессионал аёл шахматчилар ўртасида  Ирода Жумаева, ҳаваскор эркак шахматчилар ўртасида Умид Алиқулов, ҳаваскор аёл шахматчилар ўртасида эса  Дилдора Рустамова 1-ўринни қўлга киритди.

Ғолибларга дипломлар, қимматбаҳо пул ютуқлари ва махсус ваучерлар тантанали равишда топширилди. Мусобақанинг энг ёш иштирокчиси — 5 ёшли Отажон Улуғбековга ҳам эсдалик совғаси берилди.

Тадбир доирасида Гулистон давлат педагогика институти катта ўқитувчиси Умид Холиқов Ёшлар ишлари бошқармаси кутубхонасига “Шахматни ўқитиш назарияси ва амалиёти” номли китобини тақдим этди.

Юксак руҳда ўтган ушбу хотира мусобақаси мамлакатимизда интеллектуал спорт турларини қўллаб-қувватлаш ва ёшларни шахматга қизиқтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир яққол далили бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири