Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таниқли рассомларнинг кўргазмаси очилди
17:33 / 2023-09-25

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Ўзбекистон Бадиий ижодий бирлашмаси аъзолари, ранг-тасвирчи рассомлар Ислам Жақсибаев ҳамда Узақберген Сапаровнинг 80 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ва уларнинг асарларидан иборат кўргазма ташкил этилди.

Ранг-тасвирчи рассом Ислам Жақсибаев (1943-2014) 1943 йил Нукус шаҳрида таваллуд топган. У 1967 йил П.Беньков номидаги Тошкент бадиий билим юртини тамомлаб, Тошкент театр ва рассомчилик институтининг ранг-тасвир бўлимида таҳсил олган. “Тинчлик”, “Сув ташиш”, “Сайғоқлар”, “Табиат ва вақт”, “Куз”, “Бизнинг ҳовли” пейзаж ишлари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондаги  кўргазмаларда юксак баҳоланди. Рассом туғилган ер жилоси, замондошларининг сиймосини яратишга бағишланган асарлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи билан  тақдирланди.

Узақберген Сапаров (1943-2008) 1943 йил Чимбой туманида таваллуд топган. 1966 йилдан бошлаб, Нукус шаҳар бадиий ишлаб чиқариш устахонасида рассом бўлиб ишлади. 1970 йил П.Беньков номидаги Тошкент бадиий билим юртини  тамомлаган.

1974 йилдан бошлаб, Нукус, Тошкент, Москва, Олмаота, Урганч, Махачқала, Қозон шаҳарларида ўтказилган кўргазмаларда иштирок этган. У 1998 йили Ўзбекистон Бадиий ижодий бирлашмаси аъзолигига қабул қилинган.

Рассомнинг аксарият асарлари И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида сақланмоқда. Унинг “От билан пейзаж”, “Пахтакорлар”, “ Олма терими”, “Ёшлар олма дарахти остида”, “Жийда терими”, “Икки дарахт” сингари картиналари ўзининг пок ҳисси, маънавияти ва ранглар ечимининг уйғунлиги билан ихлосмандларнинг эътиборини тортиб, кўнгилларидан жой эгаллаган.

[gallery-13714]

Тадбирда рассомларнинг ихлосмандлари, яқинлари ва шогирдлари ижодкорларнинг ҳаёт йўли, асарларини хотирлаб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Кўргазма 15 кун мобайнида бўлиб ўтади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА