Тарихий мавзудаги асарлари, монографиялари ҳамда ўтмишга доир очерклари билан эл назарига тушган олимлар Турғун Файзиев ҳамда Хуршид Файзиевнинг китоблари қизиқарлилиги ва мазмундорлиги туфайли ҳамиша халқнинг эътиборини қозонган, маънавий мулкига айланган.
Яқинда ўқувчилар яна бир қимматли маънавий бойликка эга бўлдилар. Ўзбекистон Фанлар Академияси Темурийлар тарихи давлат музейи директори, таниқли тарихчи олим Хуршид Файзиевнинг “Темурий ҳукмдорлар” (Шоҳрухдан Абусайидгача) китоби нашр этилди.
Монографиянинг аннотациясида қайд этилишича, китобда 1405 йилдан то 1470 йилгача бўлган даврда Темурийлар салтанатида рўй берган сиёсий воқеалар ёритилган. Хусусан, унда Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг ички ва ташқи сиёсий фаолияти ҳамда унинг вафотидан кейинги даврда салтанатда содир бўлган воқеалар Улуғбек Мирзо, Абулқосим Бобур Мирзо, Султон Муҳаммад Мирзо, Абдулатиф Мирзо, Абдулло Мирзо ва Абусайид Мирзо фаолиятлари орқали мазмунли баён этилган.
Китоб қуйидаги қизиқарли хулоса билан якунланган. “Шоҳрух Мирзо давридан то Абусайид Мирзонинг сўнгги кунларигача давом этган тарих Темурийларнинг нафақат Мовароуннаҳр ва Хуросон, балки дунё тарихида ҳам ўзига хос из қолдирганини таъкидлаш лозим. Зеро, сўнгги Темурийлар -Султон Ҳусайн Бойқаро Мирзо ва Султон Абусайид Мирзонинг фарзандлари Султон Аҳмад Мирзо, Султон Маҳмуд Мирзо, Султон Умаршайх Мирзолар ва уларнинг фарзандлари даврида илм-фан, маданият ва санъат ривожланган бўлса-да, фақат Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудлари билан кифояландилар. Мовароуннаҳр ва Хуросон бу даврда ягона марказлашган бошқарув тизимида бирлашмади. Ҳатто Мовароуннаҳрда ҳам Султон Абусайид Мирзонинг ўғиллари бир-биридан мустақил равишда Самарқанд, Фарғона, Бадахшонда ҳукмронлик қилдилар. Кейинги даврларда Тошкент ҳам салтанат таркибидан чиқиб, чиғатой хонлари қўлига ўтди.”
Бу монография Темурийлар даври тарихи билан қизиқувчилар, шунингдек, барча китобхонлар оммасига мўлжаллангани диққатга сазовордир.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири