Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таниқли кино юлдузлари эътирофи: “65 йиллик тарихга эга бўлган кинофестиваль кўплаб қувончли онларни тақдим этмоқда”
20:51 / 2023-09-30

Кеча, 29 сентябрь куни “Ипак йўли дурдонаси” ХV Тошкент халқаро кинофестивали бошланди. 2 октябрга қадар давом этадиган кино байрамида 8-Европа кинофестивали, Туркий давлатлар ва МДҲ давлатлари кинофоруми бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, кинофестиваль дастуридан “Ўзбек дубляжи 85 ёшда”, “Кино 5 кунда” танлови, ўзбек киносининг 115 йиллигига бағишланган миллий тадбирлар, Италия фильмларида кийилган костюмлар кўргазмаси, кинотеатрларда хориж кино кунлари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, ретроспектив кинонамойишлар ўрин олган.  

Бугун кинофестивалнинг энг юлдузли меҳмонларида бири – “Такси” филми юлдузи Фредерик Дифентал билан маҳорат дарси ҳам ташкил этилди. Жаҳон киносида ўз ўрнига эга бўлган таниқли шахс билан жонли мулоқотда талаба ёшлар ва умидли киноижодкорлар қатнашди. Эътиборлиси, Дифентал ўз фаолияти давомида эришган ютуқлари, муваффақият сирларини гапириб берар экан ўзбек ёш киночиларининг кино соҳасига бўлган кучли муҳаббатлари шундоқ кўриниб турганлигини айтиб ўтди.  

–Аввало мени юртингизда илиқ кутиб олишганларидан жуда мамнун бўлдим. Француз фильмлари Ўзбекистонда севиб томоша қилинишини эшитгандим, аммо мени бунчалик ҳурмат қилишларини умуман кутмагандим. Бунинг учун сизларга ташаккур дейман. Биласизми, мен ҳозир ёш ўзбек киноижодкорларининг кўзларида “чақнаш”ни кўряпман. Сизлар ҳали юқори марраларни забт эта олишингизга ишонаман, – деди Фредерик Дифентал.

Шунингдек,  кинофестиваль дастуридан россиялик актриса Елизавета Боярская билан ҳам маҳорат дарси ўрин олган эди. Унда таниқли ижодкор йиғилганларга ўзининг самимий фикрларини билдирди.  

–Афсуски, Ўзбекистонда фақатгина уч кун бўламиз, лекин бугуннинг ўзида “Ўзбекфильм”га ташриф буюришга улгурдик, биринчи навбатда, тикланган киностудия ҳақида маълумот беришди, у ҳозир ажойиб, замонавий кино майдонига ўхшайди. Ўзбекистонда премьера қилинадиган фильмлар тақдимотини томоша қилиш имконига эга бўлдик. Қизиқарли, ранг-баранг фильмлар, муаллифлик фильмлари, оммабоп ва тарихий блокбастерларни кўрдик – деди Е. Боярская.

Миллий фильмлар танловида “Абдулла Орипов” фильми учун ҳакамлар ҳайъатининг махсус соврини билан тақдирланган режиссёр Музаффар Эркинов кинофестивалларнинг аҳамияти борасида фикрлари билан ўртоқлашди.  

–Мен жуда кўплаб хорижий фестивалларда меҳмон бўлганман. Ўзи бундай фестиваллар нега керак? Мақсад кино соҳасини ривожлантириш, чет эллик ижодкорлар билан тажриба алмашиш. Бундан ташқари, хорижлик катта режиссёрлар ҳам ёшларимизга маҳорат дарслари ўтишмоқда. Бу эса ёшларнинг келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишларига хизмат қилади,  – деди М. Эркинов.

Миллий фильмлар танловининг “Энг яхши режиссёр” номинацияси ғолиби Али Ҳамроев эса 65 йиллик тарихга эга бўлган Тошкент кинофестивалига алоҳида урғу бериб ўтди.  

–Биласизми, Тошкент халқаро кинофестивали – бу энг зўр фестиваль! Бу кино байрами, бу барчамизнинг шодиёнамиз! 65 йиллик тарихга эга бўлган кинофестивал жуда кўп қувончли онларни тақдим этмоқда. Унинг доирасида эътироф этилаётган кино усталари учун бу жуда катта мотивация деб ҳисоблайман. Яна шуни ҳам айтиш керакки, бугун чинакамига меҳнат қилаётган ижодкорлар тақдирланишмоқда,  – деди А.Ҳамроев.

Тошкент халқаро кинофестивалининг хорижлик таниқли меҳмонларидан яна бири – продюсер Артур Вебер ҳам юртимизда кино соҳасига қаратилаётган эътибордан хайратда эканини яширмади.

— Ўзбекистоннинг ҳам, кинематография соҳасининг ҳам халқаро обрў-эътиборини ошираётган Тошкент халқаро кинофестивали каби муҳим тадбирга давлат ва шахсан Президент томонидан эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Ўзбек киномаҳсулотларини кузатиб бораман, барча кўзга кўринган фильмлар, жумладан, кинофестиваль доирасида намойиш этилиши режалаштирилган фильмлар ҳам давлат кўмагида яратилган. Таъкидлаб ўтиш лозимки, кино соҳасига давлат томонидан ёрдам кўрсатилиши нафақат муҳим, балки шошилинч зарурат сифатида қабул қилиш лозим. Шунинг учун мен мамлакатингизда амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва ҳавас қиламан, чунки Эстонияда жуда ҳам кўп бюрократик тўсиқларни учратиш мумкин, – деди А.Вебер.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро кинофестивали 2 октябрга қадар давом этади. Ёпилиш маросими кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА