Тарих фанида ёзма манбаларнинг ўрни беқиёс, бироқ улар доим ҳам ўтмиш манзарасини тўлиқ намоён этавермайди. Айниқса, иқтисодий жараёнлар, халқнинг кундалик турмуши ва бозор муносабатлари кўпинча сарой солномачилари эътиборидан четда қолиб келган. XV асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда юз берган иқтисодий ўзгаришлар хусусида гап кетганда, тадқиқотчилар узоқ йиллар давомида аниқ маълумотларга эга эмас эдилар. Тарихий манбалар сукут сақлаган бир пайтда, тангашунослик фани тилга кирди ва бизга Мирзо Улуғбекнинг давлат арбоби сифатидаги яна бир қиррасини – унинг иқтисодий ислоҳотчи эканлигини исботлаб берди. Ҳижрий 832 (милодий 1428/1429) йилда амалга оширилган пул ислоҳоти нафақат ўз даври учун, балки кейинги асрлар иқтисодий тафаккури учун ҳам муҳим ҳодиса ҳисобланади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Мирзо Улуғбек даврида амалга оширилган пул ислоҳоти ҳақида бирорта ҳам ёзма манбада – на тарихчилар асарларида, на солномаларда тўғридан-тўғри маълумот учрамайди. Бу тарихий ҳақиқат фақатгина археологик қазишмалар ва дафиналарни ўрганиш натижасида юзага чиққан. Таниқли тангашунос олима Елена Давидовичнинг тадқиқотларига кўра, бу ислоҳотнинг мазмунини англаш учун 17 та йирик танга хазинаси қиёсий таҳлил қилинган.
Ислоҳотнинг моҳияти нимада эди? XV асрга келиб, майда савдо ва чакана бозор муомаласида мис тангалар – “фулус”ларнинг ўрни беқиёс даражада ошган эди. Бироқ, муомаладаги тангаларнинг хилма-хиллиги, турли ҳукмдорлар ва турли даврларга оид эски тангаларнинг аралашиб юриши бозорда парокандаликни келтириб чиқарарди. 1428 йилда Мирзо Улуғбек қатъий қарор қабул қилди: мис тангалар зарб қилиш иши тўлиқ давлат назоратига олинди ва ягона марказ – Бухоро шаҳрида жамланди.
Нима учун Самарқандда эмас, айнан Бухорода? Тадқиқотчилар буни иқтисодий ихтисослашув билан изоҳлайдилар. Самарқанд зарбхонаси асосан кумуш тангалар ва қимматбаҳо металлар билан ишлашга ихтисослашган бўлса, Бухоро зарбхонасига бутун давлат миқёсида ягона намунадаги мис тангаларни (фулус) узлуксиз етказиб бериш вазифаси юклатилганди. Бухоро зарбхонаси ғоят тиғиз тартибда ишлади ва қисқа муддат ичида улкан ҳажмдаги бир хил намунадаги тангаларни муомалага чиқарди.
Ислоҳотнинг энг нозик жиҳати аҳоли қўлидаги эски тангаларни янгисига алмаштириш жараёни эди. Одатда, ўрта асрларда бундай алмашинувлар хазина фойдасига катта фоиз эвазига амалга оширилар, бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўларди. Аммо Улуғбек ислоҳотида аҳоли психологияси ва бозор қонуниятлари чуқур ҳисобга олинган эди. Янги зарб қилинган тангалар вазни жиҳатидан эскиларига нисбатан оғирроқ ва сифатлироқ эди. Бу эса аҳолида янги пулга нисбатан ишонч уйғотди. “Янги” тангаларнинг оғир вазни алмашинув курсидаги фарқни руҳий жиҳатдан асослашга хизмат қилди ва аҳоли бу жараёнда жиддий йўқотишларга учрамади.
Давлат хазинаси ушбу ислоҳотдан қандай манфаат кўрди? Ислоҳотнинг биринчи босқичида эски тангаларни муомаладан чиқариш ва янгисини жорий этиш орқали барқарорликка эришилган бўлса, иккинчи босқичда давлат танга зарб қилиш ҳуқуқидан доимий даромад манбаи сифатида фойдаланди. Миснинг таннархи ва танганинг номинал қиймати ўртасидаги фарқ тўлиқ хазинага тушарди. Бухоро зарбхонасининг узлуксиз фаолияти хазинага улкан даромад келтириш билан бирга, бозорни етарли нақд пул массаси билан таъминлади. Бу – ўша давр иқтисодий тафаккурининг юксак намунаси бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам давлат манфаатларини, ҳам савдо аҳлининг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган омилкор сиёсат эди.
Мирзо Улуғбекнинг 1428 йилги пул ислоҳоти шунчаки техник жараён эмас, балки пухта ўйланган давлатчилик тадбири эди. Бу ислоҳот натижасида бутун Мовароуннаҳр ҳудудида ягона, стандартлаштирилган мис пул тизими жорий этилди. Бу ҳолат ҳудудлараро савдони жонлантирди, чакана савдо ривожига кучли туртки берди ва энг муҳими – давлатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлади. Археологик маълумотлар шуни тасдиқлайдики, “Бухоро серияси” деб номланган ушбу тангалар узоқ йиллар давомида барқарор муомала воситаси бўлиб хизмат қилган.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА