English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танамизда қанча вирус бор ёхуд ичимиздаги йиртқичлар ҳақида
15:27 / 2022-02-05

Мана икки йилдирки, башарият коронавирус билан яшамоқда. Унинг инсонлар ҳаётига шу қадар жиддий таъсир қилиши, турмуш кечириш тарзини ўзгартириб юбориши аксарият одамларнинг тушига ҳам кирмаган эди, десак муболаға бўлмайди, албатта. Ростини айтганда, буларнинг ҳаммаси фақат шифокорлар, микробиологлар, вирусологлар шуғулланадиган масала, деб қараб келдик.

Ахир, вирус атамаси асосан тиббиётда, ёки ихтисослашган соҳаларга тааллуқли термин ҳисобланардида. Шунданми, инсоният вируслардан унчалик ҳам хавфсирамасди, кўпроқ бошқа хасталиклар, ҳаётнинг бошқа муаммоларидан хавотир оларди.

Covid-19 пандемиясининг қўрқинчли манзарасига қараб, кўпчилигимизда вируслар фақат инсониятни тиз чўктириш, одамларни ҳолдан тойдириш учун мавжуд экан, деган фикр кечиши табиий. Чунки, вируслар келтириб чиқараётган касалликлар минг йиллар давомида сонсиз-саноқсиз одамларнинг бевақт нобуд бўлишига сабаб бўлди. Айрим вируслар сайёрамиз аҳолисининг катта қисмининг ўлимига сабаб бўлди. Масалан 1918 йилда тарқалган испан гриппи эпидемияси турли маълумотларга кўра, 50 миллиондан то 100 миллион кишининг умрига зомин бўлган экан, ХХ асрнинг ўзида 200 миллион киши чечакдан нобуд бўлган.

Лекин, вирусларни қарғашдан олдин, улар ҳақида мутахассислар фикрига ҳам қулоқ солиш фойдадан холи бўлмайди.

Covid-19 деб ном берилган бу галги пандемия ажал ташувчи вирусларнинг инсониятга қилган ҳужумларининг навбатдагиси, холос. Шу боис ҳам кўпчилигимиз вируслар ёппасига қирилиб кетса яхши бўларди, деган фикрга қўшилган бўлардик. “Лекин, бу мутлақо хато фикр”, дейди олимлар.

"Агар барча вируслар қўққисдан ғойиб бўлганда, дунё тахминан бир ёки бир ярим кун ажойиб бўларди, кейин ҳаммамиз ўлардик, бор гап шу, — дейди Висконсин-Мэдисон университети олими, эпидемиолог Тони Голдберг. – Вируслар инсониятга зарардан кўра, кўпроқ фойда келтиради", дейди у.

Мексикалик вирусолог Сусана Лопес Шаритон эса, бу масалада изоҳни чўзиб ўтирмай, "вирусларсиз биз тамом бўламиз", деб қўя қолди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вируслар эркин генетик коднинг бир парчаси бўлиб, улар кўзга кўринмаслигига қарамасдан, нафақат инсонларнинг ҳаётини издан чиқаради, ҳатто цивилизацияга хавф солишга ҳам қодир экан. Мавжуд барча вирусларнинг қарийб 100 фоизи барча эволюция давомида биз билан ва бизнинг танамизда яшаб келмоқда.

Хўш, ичимиздаги вирус, деб аталувчи кўзга кўринмайдиган кўп сонли йиртқичлар қандай яшаб келмоқда?

Улар ичимизда

Сибирь давлат тиббиёт университети микробиология ва вирусология кафедраси доценти Матвей Коровиннинг РИА Новостига сўзлаб беришича, вируслар нафақат тирик жонзот, балки генетик коднинг эркин бўлаклари ҳамдир. Тирик организм ҳисобига яшовчи молекуляр автоматлар яшаши ва кўпайиши учун тана тўқималари ичига кириб олиши ва унинг механизмларига мослашиб олиши керак.

Вируслар манзараси турлича ва кенг. Соғлом одамнинг организмида мавжуд вируслар сонини аниқлаш ҳозирча ҳеч бир олимга насиб қилмаган, лекин тахминий сони ҳақида гап кетганда бир организмдаги вирус зарралари сони 400 триллионтага яқинлиги айтилади.

Бу танамиздаги бактериялар сонидан тахминан ўн баробарга кўп. Масалан, танамиздаги барча бактериялар оғирлиги икки килограммга яқин бўлса, олимларнинг фикрича, вирус зарралари миллиграммнинг бир неча ўн бўлагича келаркан.

Ҳозирги фан инсон организмидаги барча бактерияни етарлича аниқ идентификация қила олади, бироқ бу масала вирус билан анча мураккаб. Экспертларнинг таъкидлашича, ҳатто тахминий тур таркибини ҳам аниқлаш қийин масала, чунки вирусларнинг доимий равишда янги ва янги шакли топилмоқда. Дарвоқе, патоген бўлмаган (касаллик қўзғатмайдиган) вирусларни ўрганиш билан яқин-яқинларгача ҳеч ким шуғулланмаган экан.

"Гарчи, вируслар миқдори жуда кўплигига қарамай, инсон учун ҳақиқатан ҳам хавф соладиган вируслар унчалик кўп эмас. Статистика бўйича бундай зарарли вируслар қарийб йўқ. Зеро, хавфли бўлмаган вирусларни инсонлар шунчаки сезмайди, вируслар дунёси уларга қандайдир ўлим, парчаланиш дунёси бўлиб туюлади", – дейди Коровин.

Ҳимоячи, қутқарувчи вируслар ҳам бор

Вируслар микроблар дунёсидаги асосий йиртқичлар ҳисобланади. Шундай экан, уларсиз инсониятга осон бўлмасди, дейди олимлар. Бактериофаги, яъни бактерия вируслари – булар сайёрамиздаги барча экотизимдаги, жумладан бизнинг танамиздаги микроорганизмлар миқдорини мувозанатлаштириб туради.

"Агар вируслар тўсатдан ғойиб бўлса, бактерия ва микробларнинг айрим турлари бошқаларини тўлиқ маҳв этиб, даҳшатли даражада кўпайиб кетган бўларди. Бу айниқса, уммонлар учун жуда салбий муаммоларни келтириб чиқарар эди, чунки уммонлардаги 90 фоиздан зиёд тирик нарсаларни бактериялар ташкил этади. Қолаверса, сайёрамиздаги ҳамма кислороднинг тахминан ярмини айнан шулар ишлаб чиқаради. Шу боис ҳам улар сонининг барқарорлиги тирик жонзот учун жуда муҳим", – дейди олим.

Бактериофаги вируслари микробларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошганда ҳимояга келиши ҳам муҳимдир. Маълум бир зарарсиз вируслар инфекциясига чалинган одамда айрим хавфли патогенларни қўрқитишга ҳам ёрдам бериши мумкин.

Масалан, одамда тарқалган касаллик қўзғамайдиган вируснинг GB тури вирусли иммун танқислигига учраган инсонда ОИТСнинг ривожланишини секинлаштиради, деган қарашлар бор. Шунингдек, олимлар GB вирусларининг С турига эга одамлар агар Эбола вирусини юқтирган бўлса, бошқа одамларга қараганда яшаб қолиш имконияти юқори бўлишини ҳам аниқлашган. Худди шунга ўхшаш механизм ҳайвонларда ҳам аниқланди. Масалан, герпесга чалинган сичқонлар бошқаларига қараганда қатор бактерияли инфекцияга, жумладан, бубонли ўлат ва листериозга кам чалинар экан.

Генларимиз қўриқчилари

Баъзи бир “бизнинг” вирусларимиз тўқималарга тўғридан-тўғри ўрнашиб олган, бошқалари автономликни сақлаб қолган ва иммун тизимимизни доимо рағбатлантириб туради. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу табиий генетик модификацияси бутун эволюция мобайнида давом этиб келмоқда.

Айрим вируслар мутлақо бир-бирига ўхшамаган организмларда ҳам ишлашга мослашиб олган. Ҳар хил турларни касаллантирадиган турли вируслар ўртасидаги бундай "қариндошлар", дивергентлар дейилади. Айнан ушбу феномендан фойдаланиш вакцинациялашга асос бўлган. Инсонга мослашмаган хавфли касалликлар вируси иммун тизимига кучсиз таъсир қилади ва антитаначалар ҳосил қилиб, унинг патогенлар билан “танишиб” олишига қўйиб беради.

Сайёрамизда вируслар сони шу даражада кўпки, олимлар ибораси билан айтганда коинотдаги мавжуд ҳар бир юлдузга тахминан, 100 миллионта вирус зарраси тўғри келар экан. Шу сабабли олимлар келажак эпидемияларини башорат қилиш ва янги вирусларни ўз вақтида мониторинг қилиб бориш ўта долзарб бўлган илмий вазифа эканини бот-бот такрорламоқда.

Бир сўз билан айтганда, сайёрамиз аҳолиси жуда тез кўпаймоқда. 1927 йилда биз 2 миллиард эдик, 2021 йилга келиб 7,8 миллиард кишига кўпайдик. Табиийки, бундай шароитда одамларнинг сайёрамиз бўйлаб ҳаракати ҳам тезлашди. Буларнинг барчаси инсон танасидаги вируслар ривожига ҳам мисли кўрилмаган даражада яхши шароит яратмоқда. Табиийки, келгусида, вирусларнинг турли-туманлиги ошиб бориш баробарида уларни инсон фойдаси учун ишлатиш бўйича билимлар ҳам ортиб боради.

Интернет материаллари асосида

Саидмурод Раҳимов тайёрлади,

ЎзА