Расмий муносабат
Жорий йилнинг 19 май куни ЎзАда “Янгиҳаёт кўркини бузаётган эски йўллар ... яна эски муаммо...” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинди. Мақолада Янгиҳаёт тумани, “Оҳанггузар” ва “Бинокор” кўчаларидаги автомобиль ўтиш йўлларининг узоқ йиллардан буён таъмирланмай келинаётгани, хусусан, ўтган йили ҳам бу мавзуда танқидий мақола ёритилгани, аммо вазият ўзгармагани ҳақида баён қилинди. Лавҳада Тошкент вилояти Aвтомобиль йўллари Бош бошқармаси ҳузуридаги Ўртачирчиқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига тегишли бўлган мазкур йўлларга жорий йилнинг 3-чораги охирида асфальт ётқизилиб, тўлиқ таъмирланиши айтилди.
ЎзА танқидидан сўнг орадан кўп вақт ўтмай, Янгиҳаёт тумани ҳокимлигининг расмий муносабати эълон қилинди.
Маълум қилинишича, “Оҳанггузар” кўчасидаги "4R-255" номли автомобиль йўлининг 3-10 км оралиғи Янгиҳаёт тумани ҳудудидан ўтган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги 169-сон қарорига асосан, мазкур йўл "Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компанияси тасарруфига киритилган.
Шу боис, йўлни таъмирлаш ишларига Янгиҳаёт тумани Ободонлаштириш бошқармаси эмас, Тошкент вилояти Aвтомобиль йўллари Бош бошқармаси
ҳузуридаги Ўртачирчиқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул.
“Янгиҳаёт тумани ободонлаштириш бошқармаси "Ўзавтойўл"га бу масалада икки марта ёзма мурожаат қилганида, улар бу йўлни таъмирлаш давлат дастурига киритилмагани, йўлнинг аҳволини инобатга олиб, Тошкент вилояти автомобиль йўллар Бош бошқармасига қўшимча маблағ сўраб ёзма мурожаат қилгани ҳақида жавоб хати юборган. "Ўзавтойўл" билан боғланганимизда, йўлни асфальтлаш ишлари 3-чоракка мўлжаллангани ҳақида маълумот олдик”, дейилади расмий муносабатда.
Мақолада келтирилган "Бинокор" маҳалласи, "Шоликор" кўчасидаги йўлни эса туман ободонлаштириш бошқармаси жорий йилнинг 3-чорагида қўшимча маблағлар асосида асфальт қилишни режалаштирмоқда.
М.Эшмирзаева, ЎзА