Ўзбекистон тарихи давлат музейи ўзбек халқининг 3 минг йиллик давлатчилик тарихи, анъаналари ва маданиятини тўлиқ ўзида намоён этувчи ягона музей ҳисобланади. Музей ходимларининг кўп йиллик меҳнати ва илмий тадқиқотлари туфайли бугунги кунда музей фондида 350 мингдан ортиқ осори-атиқалар тўпланган.
АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон тарихи давлат музейи ахборот хизмати раҳбари Меҳрожиддин Умурзоқов маълумотларига кўра, музейнинг асосий биноси 1970 йилда қурилган бўлиб, модернизм даврига оид архитектура ёдгорлиги сифатида моддий, маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.
Қайд этилишича, жорий йил бошида бинонинг фасад қисмидаги мармардан ишланган бадиий безак намуналари ўрнидан кўчиб таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ўтган давр мобайнида таъмирлаш ишлари амалга оширилганига қарамасдан, музейнинг иситиш-совутиш тизими эскиргани тарихий экспонатларни сақлаш ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Музей экспозицияси узоқ йиллар олдин янгиланган. Қарийб 20 йил давомида янги тарихий тадқиқотлар, топилмалар ва ташриф буюрувчиларнинг билдирган таклифлари инновацион лойиҳаларни музейга жалб қилиш ҳамда замонавий стандартлар асосида музейни қайта лойиҳалаш заруратини келтириб чиқарди.
Шунингдек, бинода имконияти чекланган шахсларга етарлича шарт-шароит яратилмаганини ҳам айтиш жоиз. Айни вақтда Ўзбекистон тарихи давлат музейининг филиали – Тошкент тарихи музейи доимий тартибда ишламоқда ва сайёҳларни қабул қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА