Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таъминотсиз ва кафиллик асосидаги кредитларда кечиктириш даражаси қандай?
08:43 / 2026-02-21

Марказий банкнинг Статистика ва тадқиқотлар департаменти қарзларнинг қайтарилишини таҳлил қилиб, гаров ва кафиллик асосида ажратилган кредитлар бўйича алоҳида тадқиқот ўтказди. 

Тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистонда таъминотсиз кредитлардан қарзларни ўз вақтида қайтариш даражаси энг юқори. Бу, асосан, таъминотсиз кредитлар нисбатан кичик миқдорда ажратилгани билан изоҳланади. Шунингдек, кафиллик асосида бериладиган кредитларда кечиктириш ҳолатлари ҳам камроқ кузатилган.

Кредит таъминоти турлари бўйича таҳлил қилиш натижасида кечиктирилган қарздорлик даражаси турлича бўлиши аниқланди. Мулк ҳуқуқи билан таъминланган кредитларда энг юқори кечиктириш кўрсаткичи кузатилади: эркакларда 32,8 фоиз, аёлларда 25,0 фоиз, суғурта билан таъминланган кредитларда 21,3 фоиз ва 20,0 фоиз даражада кечиктириш аниқланди.

Таъминотсиз кредитлар эса нисбатан паст кечиктириш даражаси билан тавсифланади - эркакларда 15,3 фоиз, аёлларда 12,2 фоизни ташкил этади.

Энг юқори сифатли кредит портфели учинчи шахслар кафиллиги билан бериладиган кредитлар ва енгил автомобиль билан таъминланган кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткичлар эркакларда 7,2 фоиз ва 9,9 фоиз, аёлларда эса 3,9 фоиз ва 12 фоизни ташкил этади.

Кўчмас мулк ва иш ҳақи билан таъминланган кредитларда кечиктириш даражаси ўртача бўлиб, тахминан 15-16 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, қўшма қарз олувчиси мавжуд кредитларда кечиктириш даражаси паст бўлиб, қўшма қарз олувчисиз кредитларда эркаклар орасида 18,4 фоиз, аёллар орасида 12,6 фоиз, қўшма қарз олувчи мавжуд бўлса, кўрсаткичлар 14,8 фоиз ва 8,9 фоизгача пасаяди.

Қўшма қарз олувчи эркак бўлса, кечиктириш даражаси 11,0 фоиз, аёл бўлса 9,9 фоизни ташкил этади. Ёшга қараб фарқ сезиларсиз, ўртача кўрсаткич 10,5 фоиз, аммо 66 ёш ва ундан катта гуруҳда 12,1 фоизга етади.

Тадқиқот натижаларига кўра, кредит тури ва таъминот механизми қарздорлик даражасига катта таъсир қилади.

Таъминотсиз истеъмол кредитларида кечиктириш улуши 38,4 фоизни овердрафтларда эса 21,7 фоизни ташкил этади.

Суғурта ёки транспорт воситаси билан таъминланган автокредитларда кечиктирилган қарздорлик пастлиги билан ажралиб туради. Учинчи шахслар кафиллигидаги микрокредитларда энг паст кўрсаткич (0,9%) аниқланди. Таълим кредитларида таъминот туридан қатъи назар кечиктириш даражаси паст (тахминан 2%) сақланади.

Қатъий таъминотга эга қарз олувчиларнинг даромадлари таъминотсиз ёки кафиллик асосидаги қарз олувчиларга нисбатан ўртача 1,7 баробар кўпроқ. Микрокредитларда ҳам таъминот турига қараб кечиктириш даражаси сезиларли фарқ қилади: кафилликда 7,8 фоиз, мулк ёки кўчмас мулк гарови қўлланганда эса 28,1-31,8 фоизгача ошади. Бу кредит сегментларида таъминотнинг муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Ш.Маматуропова, ЎзА