Навоий вилоятининг олис Учқудуқ туманида ҳам қиш мавсумида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида вужудга келадиган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида штаб фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кузатилаётган шу кунларда 24/7 режимда ишлаётган коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида назорат кучайтирилган. Туну кун навбатчиликлар ташкил этилган.

Айни пайтда 60 йилдан ортиқроқ давр мобайнида Учқудуқ тумани марказини иссиқлик билан таъминлаб келаётган қозонхона фаолиятида узилишларга йўл қўймаслик соҳанинг етук мутахассислари томонидан қатъий назоратга олинган.

– Совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ўз-ўзидан ортади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Севдиёр Муратов. – Бундай ҳолатларда аҳоли ва ижтимоий объектларни иссиқлик билан барқарор таъминлаш устувор вазифамиз ҳисобланади. Шу кеча-кундузда таъминотдан узилишлар, авария ва техник чекловлар кузатилмади.

Ҳозирда Учқудуқ туман марказий қозонхонасида қарийб 66 миллиард сўм маблағ эвазига модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 32,3 миллиард сўм ҳисобидан 20 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари янгиланади. 432 та кўп қаватли уйлар ва 32 та ижтимоий соҳа объектларига 50 миллиард сўмга индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири