Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тамакига қарши қонунлар ҳамон баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда
16:23 / 2021-10-11

Улар жамоат жойларида чекиш жойларини ташкил қилишга тааллуқли.

Гап шундаки, иккиламчи тамаки тутуни жамоат жойларида шу жумладан иш жойларида, барлар, ресторанлар, меҳмонхоналар ва аэопортларда ҳаво ифлосланишининг асосий манбаидир. Тамаки тутунида 4000 дан ортиқ кимёвий моддалар бор, улардан камида 250 таси зарарли, 50 таси эса канцерогенлардир. Иккиламчи тамаки тутуни ўпка саратони, юрак касалликлари, инсульт, болаларда тўсатдан ўлимни келтириб чиқариши мумкин. 

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳар йили иккиламчи тамаки тутунидан нафас олиш бутун дунёда тахминан 600 000 нафар инсоннинг бевақт ўлимига сабаб бўлади, уларнинг 31 фоизи болаларга ва 64 фоизи аёлларга тўғри келади. ЖССТ маълумотларига кўра, 43,9 фоиз болалар уй шароитларида, 55,8 фоизи эса жамоат жойларида тамаки тутуни таъсири остида бўлади. Иккиламчи тамаки тутунидан мунтазам нафас оладиган 5 ёшга тўлмаган 165 минг нафар бола ҳаётдан кўз юмади. Катта ёшгача етганларида эса сурункали обструктив ўпка касаллиги ривожланиши эҳтимоли ошади. Дарвоқе, чекувчилар оиласида яшовчи ўсмирларнинг ўзи ҳам чекувчига айланиш эҳтимоли ота-онаси чекмайдиганларга нисбатан 1,5-2 баравар юқоридир. 

Чекиш жойларини ташкил қилиш орқали тамаки чекиш учун шарт-шароитлар яратилади, яъни чекиш учун қулайлик яратилади.

Жамоатчиликни иккиламчи тамаки тутунининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг ягона усули – бу чекишни тақиқлаш ҳақида қонун қабул қилиш!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси 8-моддасининг талабларига мувофиқ, ҳар бир давлат тамаки тутунидан 100 фоиз ҳоли бўлган муҳитни таъминлаши лозим. Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига 2012 йил 24 апрелда қўшилди.

  Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, чекишни чеклашга қаратилган комплекс қонунлар камида 60та мамлакатда, шу жумладан даромади даражаси паст ва ўрта мамлакатларда қабул қилинди. 

Арманистонда жамоат жойларида чекиш умуман тақиқланган. Грузия, Молдова, Тожикистон, Украинада аксарият ёпиқ жамоат жойларида чекиш мумкин эмас. АҚШ, Аргентина, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Хитой, Канада, Туркия ва кўплаб бошқа мамлакатларда умумий овқатланиш корхоналари (қаҳвахоналар, ресторанлар, барлар ва ҳ.к.)нинг ёпиқ хоналарида чекиш тақиқланган.

Қайд этилишича, агар хоналарда чекиш бутунлай тақиқланса, бу истеъмол қилинадиган сигареталар сонини 15 фоизга камайтиради ҳамда чекишни ташлашга муваффақиятли уринишлар сонини 80 фоизга оширади. Бундан юмшоқроқ чекловлар, хусусан, чекиш хоналарини ёпиқ жойларда ташкил қилиш, тамаки истеъмолининг камайишига олиб келмайди.

Тамаки индустрияси одамларни иккиламчи тамаки тутунидан ҳимоя қиладиган чора-тадбирларга тўсқинлик қилиб келмоқда, чекувчиларнинг “манфаатларини ҳисобга оладиган” ташаббусларни илгари сурмоқда, бундай ташаббуслардан биттаси – чекишни қисман тақиқлаш тўғрисидаги қонунлар.

  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Саратонни ўрганиш бўйича агентлигининг маълумотларига кўра, чекувчилар учун махсус жойларни ажратиш соғлиқ учун хавф-хатарларни бартараф этмайди, чунки тамаки тутуни чекувчиларнинг “махсус ҳудудлари”дан чекмайдиганлар ҳудудларига бемалол тарқалади. 

Тамаки ишлаб чиқарувчилар жамоат жойлари ва меҳмонхоналарда ҳаво вентиляцияси ва фильтрлаш тизимларидан фойдаланишни ҳам худди шундай мақсадларда илгари сурмоқда, зеро, ҳаво вентиляцияси ва ҳавони фильтрлаш иккиламчи тутунни йўқотиш учун самарасиздир. Вентиляция тизимлари тамаки тутунини йўқотмайди ва унинг таъсиридан тўлиқ ҳимоя қилмайди. Боз устига, тамаки тутуни таркибидаги никотин ва токсик моддалар девор, мебель юзалари, гилам, пардаларга ўтириб қолади ва сигарета ўчирилгандан кейин ҳам сақланади.

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, жамоат жойларида чекишни тақиқлаш бўйича комплекс қонунлар иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдалидир.

Иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлиш соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш харажатларини ошириб юборади, меҳнат унумдорлигини камайтиради ва чиқимларни кўпайтиради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлашича, жамоат ва иш жойларида чекишни тақиқловчи қонунлар “номақбул иқтисодий оқибатларга олиб келмайди”, аксинча, бизнесга ижобий иқтисодий таъсир ўтказади.

2017 йилда Европанинг 19 та давлатида ўтказилган тадқиқотлар натижасида  тамакига қарши қаратилган қонунлар ресторан, бар ва қаҳвахоналардаги сотувлар ҳажми, тушум, фойда ва бандлик каби кўрсаткичларга бундай қонунлар қабул қилинмаган мамлакатдаги худди шундай муассасадагига нисбатан жиддий салбий таъсир кўрсатмаслиги аниқланди. Янги Зеландияда тамакига қарши комплекс қонун қабул қилинганидан кейин бир йил ўтгач, чет эллик туристлар сони 1,5 фоизга, уларнинг харажатлари эса 3,3 фоизга ошди. Худди шундай вазият Аргентина, Ирландия, Норвегия, Мексика, Кипрда ҳам кузатилди.

Иккиламчи тутун таъсирининг хавфсиз даражаси бўлмайди.

Ўзбекистон Республики Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларининг фикрича, чекиш учун жойларни ташкил қилиш (хоналар, бинолар ичида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун алоҳида жойлар ажратиш) мамлакатимиз Конституциясига (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасига (Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига (Фуқаролар қулай яшаш муҳити ҳуқуқига эга) зид, яъни фуқаролар тоза ҳаводан нафас олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 841-сонли қарорида юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлимни 2030 йилгача 25 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. 

Фақат чекишни тақиқлаш тўғрисидаги комплекс қонунлар ҳамма учун тоза ҳавони кафолатлайди, ходимлар ва чекмайдиганларнинг соғлиғини ҳимоя қилади ва чекувчиларни чекишдан воз кечишга рағбатлантиради.

Аҳоли ва келажак авлод соғлиғини сақлаш учун 100 фоиз тамаки тутунидан ҳоли бўлган муҳит зарур!


 

“Ибн Сино” жамоатчилик фонди материаллари

асосида О.Харченко тайёрлади, ЎзА