Тамаки ва алкоголь маҳсулотларини интернетда сотиш тақиқланган, бироқ...
Ҳозирги пайтда аҳоли турли маҳсулотлар, озиқ-овқатларни кўпроқ интернет тармоғи орқали сотиб олмоқда.
Ҳозирги пайтда аҳоли турли маҳсулотлар, озиқ-овқатларни кўпроқ интернет тармоғи орқали сотиб олмоқда. Маҳсулот харид қилишнинг ушбу усули уларни куннинг исталган пайтида, етарлича миқдорда ва уйга етказиб бериш хизмати билан олишга имкон беради.
Тамаки маҳсулотларини интернет орқали сотиш тақиқланганига қарамай, баъзи бир тадбиркорлар электрон сигарета ва тамаки қиздириш тизимини (IQOS, GLO, iMate ва бошқалар) интернет-дўконлар орқали реализация қилмоқдалар. Бугун махсус тугмани босиб, тамаки маҳсулотини интернетдан бемалол сотиб олиш мумкин, харидор 20 ёшга тўлганми ёки у энди 15 ёшдами, буниси муҳим эмас, сотилса бўлди.
Тамаки маҳсулотларини интернет орқали сотиш бевосита реклама бўлиб ҳисобланади ва уларнинг сотилишини рағбатлантиради. Бу нафақат чекишдан воз кечишни қийинлаштиради, балки, аксинча, ёшларни чекишга ундайди.
Шу кунларда regulation.gov.uz/uz сайтида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳужжатда тамаки ва алкоголь маҳсулотларини интернет орқали сотишни тақиқлаш назарда тутилмаган.
Тамаки маҳсулотларини интернет орқали сотиш Европа минтақасининг 34 мамлакатида, шунингдек, МДҲ мамлакатлари (Беларусь, Молдова, Россия Федерацияси, Туркманистон)да қонун билан тақиқланган.
Тамаки ва алкоголь ва маҳсулотларини электрон тижорат ёрдамида (интернет орқали) сотиш уларнинг ҳаммабоплигини (географик, нарх бўйича) оширишга ва ноқонуний савдосига (солиқларни тўлашдан бўйин товлаш) хизмат қилади. Бунда қонунчиликда белгиланган чекловлар устидан давлат назоратини таъминлаш имкони йўқ. Масалан, бу маҳсулотни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилишини назорат қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, бу маҳсулотни интернет орқали сотиш унинг рекламаси ҳисобланади ва сотувини рағбатлантиради.
Шундай қилиб, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини интернет ёрдамида сотиш уларнинг аҳоли, айниқса ёшлар томонидан истеъмол қилинишини оширади, бунинг натижасида аҳоли соғлиғи ва мамлакат иқтисодиётига ўнгланмайдиган зарар етказади.
Шу муносабат билан умид қиламизки, қонун лойиҳасига тамаки ва алкоголь маҳсулотларини интернет орқали электрон тижорат ёрдамида сотишни тақиқловчи меъёр киритилади.
Нозимхон Маҳмудов,
Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси в.б.,
«Тамакисиз ҳаёт» лойиҳаси раҳбари