Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги саноат зонасида Божхона қўмитаси блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида тамакиларни йўқ қилиш тадбирини ўтказди.
Саноат зонасида божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 1.2 миллиард сўмлик жами 110 минг қути сигаретлар журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида ёқиш йўли билан йўқ қилинди.
Тадбирда маълум қилинишича, Божхона қўмитаси контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сирдарё вилоятидаги яшаш хонадонларининг бирида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 108 138 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланган.
Шундан сўнг журналистлар ва блогерлар учун анжуман ташкил қилинди.
Унда маълум қилинишича, ўтган даврда 2 млн. қутидан ортиқ тамаки маҳсулотлари кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилинган. Божхона органлари томонидан 2023 йилда 291 та ҳолатда қиймати 92,2 млрд. сўмлик 5,7 млн. қути, жорий йилда эса 56 та ҳолатда қиймати 14 млрд. сўмлик, 528 740 қути тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган. 2023 йилда ушлаб қолинган ноқонуний тамаки маҳсулотларининг миқдори 2022 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7xq-PXp_Wco" title="Tamaki mahsulotlarining yoqish yo‘li bilan yo‘q qilinishi tabiatga zarar keltirmaydimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Қайд этилишича, контрабанда йўли билан кириб келган сигаретларнинг таркибида никотин миқдори жуда кўп. Яъни белгиланган меъёрдан бир неча баробар юқори. Қонуний кириб келган тамакилардан фарқ қилади. Бу маҳсулотни истеъмол қилганлар соғлиғига жиддий зарар етади.
Анжуманда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
– Бугун ноқонуний ушлаб қолинган сигаретлар ёқиш орқали жуда кўп инсонларнинг, қайсидир маънода, ҳаётини сақлаб қолди. Аммо экологияга чиқаётган зарарли газ нафақат инсонларга, балки табиатга жуда катта зарар етказади. Сигаретлар ёқиш жараёнида заҳарли газларни чиқариш учун фильтрларни кўрмадик. Нега тамаки ёқиш йўли билан йўқ қилинади, тутуни табиатга зарарку?! Бунга изоҳ берсангиз.
– Эътибор берган бўлсангиз, Божхона қўмитаси тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбирини асосан Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида амалга оширади, – дейди Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Акрамжон Аҳлимирзаев. – Ушбу заводда печлардан чиқаётган тутунни фильтрлаш учун замонавий технологиялар жорий қилинган ва табиатга етадиган зарар энг минимал даражададир. Тамакини майдалаб, кўмиб юбориш ҳам мумкин, деб ўйларсиз. Аммо унинг қадоғидаги ва қутиларда ишлатилган полиэтилен юз йиллар давомида чиримайди ва табиатга янада кўпроқ зарар етиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА