French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тамагирлик бор жойда сифатли таълим бўлмайди....
18:50 / 2020-02-13

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида “Янгиланаётган ТерДУ: сарҳисоб, истиқболли вазифалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.


Термиз шаҳридаги Матбуот уйида “Янгиланаётган ТерДУ: сарҳисоб, истиқболли вазифалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Термиз давлат университети томонидан ташкил этилган тадбирда журналист ва блогерларга Сурхондарё вилоятидаги йирик олий таълим муассасасида ўтган йили амалга оширилган ишлар ва бу йилги муҳим вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

– Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз Президенти лавозимига киришган илк кундан олий таълимни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди, – деди Термиз давлат университети ректори, сенатор А.Тошқулов. – Соҳанинг муҳим вазифалари белгилаб берилди. Аслида биз ҳозир янгилик қилаётганимиз йўқ. Босқичма-босқич шу вазифалар ижросини таъминлаяпмиз, холос. Хўш, бу ислоҳотлар қандай самара бермоқда? Келинг, бу саволга лўнда жавоб берайин. Бундан уч йил муқаддам университетимизда 9 факультет, 36 кафедрада 552 профессор-ўқитувчи 7 мингдан ортиқ талабага илм-фан сирларини ўргатган бўлса, ўтган йили факультетлар сони 15, кафедралар 43 тага етди. 600 дан ортиқ профессор-ўқитувчи 13 минг 397 талабага сабоқ бермоқда. Уларнинг 30 га яқини фан докторидир.

2.jpg

Тадбирда воҳадаги йирик олий ўқув юртининг илмий салоҳиятини ошириш юзасидан кейинги йилларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мазкур ўқув даргоҳида бирорта илмий иш ёқланмаган. Соҳага қаратилаётган эътибор туфайли 2018 йил 5 ўқитувчи илмий ишини ҳимоя қилган бўлса, ўтган йили 23 докторант диссертация ёқлади. Университетда кимё-технология, Ўзбекистон тарихи, педагогика йўналишлари бўйича илмий кенгашлар очилгани, жорий йилда яна ўзбек тили, физика каби фанлар бўйича илмий кенгашлар ташкил этилаётгани, ўқитувчиларнинг меҳнатига яраша ойлик маош олаётгани уларнинг изланиб, илмий иш ёқлашга интилиши, монографиялар, ўқув қўлланмалар яратишга қизиқишини ошираётир. Хусусан, 4 йил илгари таълим муассасаси педагоглари олтита монография ёзган бўлса, ўтган йили 80 монография ва ўқув қўлланмаси чоп эттирди.

Қизиқарли баҳсларга бой бўлган анжуманда халқаро алоқалар, қурилиш ва молия фаолияти, маънавий-маърифий, спорт ва бошқа соҳаларда амалга оширилган ишлар ҳамда галдаги вазифалар хусусида сўз юритилди. Таълимдаги тамагирлик, қўшни давлатларда таҳсил олаётган талаба-ёшларни қабул қилиш жараёнлари, профессор-ўқитувчиларнинг ёши, кекса устозларнинг рақамли технологияларни ўзлаштирганлик даражаси каби ҳолатлар билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритилди.

6 (1).jpg

– Тамагирлик бор жойда сифатли таълим бўлмайди, – ­дейди ректор­ – Шу боис, қатъий талаб ва профессор-ўқитувчиларимизнинг ойлик маошлари сезиларли даражада оширилгани бундай нохуш ҳолатга чек қўймоқда. Адолат тамойилининг устуворлиги таъминланаётганини ўтган йили битирувчи курсларнинг 307 талабаси диплом ололмагани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тадбирда журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.