Яқинда соғлиқни сақлаш тизими бўйича ўтказилган видеоселекторда мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу бўйича олдимизда жуда кўплаб муаммолар турганлигини тан олишимиз керак.
Дарҳақиқат, ҚВП (Қишлоқ врачлик пункти) ва (ОП) оилавий поликлиникаларнинг ўрни, қадр-қиммати, халқ ичидаги обрўси кучли эмас ёки ўта даражада заиф бўлиб бормоқда.
Негаки, бирор касаллик билан оғриган бемор аввало, бу масканларга эмас, юқори турувчи шифохоналарга мурожаат қилишади. Сабаби эса оддий. Малакали шифокорларнинг етишмаслиги ҳамда моддий-техник базасининг етарли даражада эмаслиги одамларни ўз жойидаги шифо маскани туриб, узоқ-узоқ жойларга, марказ шифохоналарига боришга мажбур этмоқда. Ёинки тизимда тамаъгирлик ҳолатларининг учраши ҳам фуқаролар ишончи суиистеъмол бўлишига олиб келмоқда.
Оддий бир мисол, ўз яшаш жойингиздаги поликлиника ёки ҚВПларга мурожаат қилиб борсангиз, турли хил коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келасиз. Давлат томонидан бепул бериладиган дори-дармонларнинг аҳолига пулланиши, айрим шифокорларнинг беморга кўрсатган хизмати учун қўл ҳақи талаб қилиши, – бу каби ҳолатлар, ўйлайманки, тизимнинг ич-ичидан емирилишга сабаб бўлмоқда. Токи бу каби ҳолатлар тугамас экан, соҳанинг олдинга қараб ўсишида оқсашлар кузатилаверади.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам ўз ҳудудидаги соҳа бўйича амалга оширилаётган ишларни диққат-эътиборида тутмоғи лозим. Касаллари бор хонадонлар, айниқса шундай оилаларнинг моддий кўмакка э=тиёжманд қатламлари шифохоналар эшиги олдида навбатда туриб, овораи сарсон бўлишларини дилдан ҳис этсаларгина юзага келиши мумкин бўлган кўплаб муаммолар олди олинади.
Таъкидлаш ўринлики, соҳага давлат даражасида етарлича эътибор қаратилмоқда. Ҳатто, жорий йил давлат бюджетининг аксарият қисми соғлиқни сақлаш тизими учун сарф бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бироқ қабул қилинаётган қарорлар, қонун ва фармойишлар ижросининг жойига етиб бормаслиги ёки амалда бажарилмаслиги туфайли кўплаб тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Албатта, айрим раҳбар ва мутасаддиларнинг масъулиятсизлик ва ўз ишига совуққонлиги туфайли тизимнинг орқага қараб кетишига замин яратилмоқда.
Бу йилни «рақамли иқтисодиёт» йили дедик. Аммо бу кетишда ҳали бери соҳага рақамлаштиришни олиб киришни удда қилолмаймиз, чоғи. Чунки ўз қорнини ўйлайдиган раҳбарлар соҳа ривожи, халқ мушкулини осон қилишдан кўра, «уйим-жойимни тўғрилаб олай, роҳат-фароғатда яшай» деб фақат ўз ғамини ейишдан бошқани билмайди.
Ваҳоланки, унга ишонилган мансаб халқ ишончи устига қурилиши лозимлигини улар тушуниши керак. Бу биргина соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар эмас. Атрофимизда бу каби ҳолатларга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Демоқчиманки, инсон фақат ўз манфаати йўлидан бормасдан ўзгалар дарду ташвишини ҳам яхши англаса, ватанпарварлик ҳиссини дилига жо қилса, олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар ўз мевасини беради, албатта.
Ҳусниддин ЭРГАШEВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати