Бухоро шаҳар Шейхон маҳалласи Ғиждувон кўчасида жойлашган вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси олдида ҳаракатланиб кетаётган Жондор тумани Ромиш маҳалласи Работ қишлоғида яшовчи 1994 йилда туғилган фуқаро A.О. (аёл)нинг бўйнида бўлган бир дона баҳоси 5 миллион сўмлик аёллар тилла занжирини ўғирлаган фуқаро воқеа жойидан қочиб кетган.
Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, мазкур талончилик жорий йилнинг 9 август куни номаълум шахс томонидан соат 08:30 ларда ўзганинг мол-мулкини очиқдан очиқ талон-торож қилиш мақсадида содир этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ томонидан кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича тузилган тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ғиждувон тумани Зарангари маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган фуқаро Ё.Ф. исмли шахс содир этганлиги аниқланди.
Ҳозирда айбланувчи фуқаро Ё.Ф.га нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА