Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талон-торож қилинишига йўл қўйилмайди
17:18 / 2025-12-24

Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг тасарруфидаги туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик юзасидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Юртдошларимиз орасида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари, афсуски, ҳали ҳамон учраб турибди.

– Вилоят ҳудудида ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бироқ, вилоятда ерлардан ноқонуний фойдаланиш, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учраётгани ачинарли. Жумладан, бошқарманинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 11 ойида 3 528 та ҳолатда 103,74 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ер ва кадастр назорати шўъбаси бош мутахассиси Абдукарим Тойиров. 

Таҳлилларга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 103,74 гектар ернинг 39,7 гектари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга, 55,1 гектари аҳоли пункти ерларига, 7,3 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга, қолган қисми эса табиатни муҳофаза қилишга мўлжалланган ерлар, сув фонди ва захира ерларга тегишли экани маълум бўлди. 

Кадастр назорати инспекторларининг бевосита фуқаролар билан олиб борган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 41,66 гектардаги 2 421 та ҳолат фуқаролар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ер майдонлари ўз ҳолатига қайтарилган.

Бундан ташқари ўтган даврда 36,11 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 867 та даъво аризалари киритилди. Жумладан, судларга киритилган даъво аризаларининг 114 таси қаноатлантирилган бўлса, 752 та ҳолат бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Айрим фуқароларнинг қонун талабларини нотўғри талқин қилиши сабабли “қурилиши мавжуд бўлса, ҳуқуқ эътироф этилар экан” деб, бўш ерга иморат қураётганлар ҳам учраб турибди. Бу каби ҳолатларга қонун татбиқ қилинмайди. Бу айнан мазкур қонун орқали ҳам белгилаб ўтилган. 

Амалдаги қонунларга кўра, давлат мулки бўлган ердан оқилона фойдаланиш ва талон-торож қилинишига йўл қўймаслик ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини асло унутмаслик лозим.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.