Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талликуронлик кўкатчилар
15:54 / 2022-03-12

Томорқанинг фойдалари ҳақида кўп гапирилади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам кўп омиллар инсоннинг ўзига боғлиқ.

 Масалан, бугун ҳовлисида мўъжаз иссиқхона қуриб унумли фойдаланаётганлар ва аксинча бир сўм фойда тополмай, иссиқхона учун кредитларни тўлашдан бош тортиб, давлатни ҳам банкни ҳам ўша ғояни берган маҳалла раисидан ҳам норози бўлиб, портални “портлатиб” юрганлар ҳам топилади.

Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Талликурон маҳалласи одамлари кўкат етиштириш орқали йилига 5 мартагача ҳосил олиб, 30-40 миллион сўмгача даромад топади.

Хўш, талликуронликлар бунга қандай эришяпти?

– Бунинг ортида тинимсиз меҳнат ётибди, – дейди талликуронлик Акмал Пиримов. – Томорқамизда 2020 йил 15 сотихлик иссиқхона ташкил қилганмиз. Шундан биринчи йилда икки марта кейинги йилда 5 марта ҳосил оламиз. Яъни, алмашлаб экиш усулини қўллаймиз. Масалан, бу йил январь ойида ерни тайёрлаб, февралда помидор экдик. Апрелнинг охиридан чиқа бошлайди. Етиштирилган ҳосил июнь-июль ойигача сотилади. Сўнг августда бир ой дам бериб яна сентябрда бодринг экамиз. Уни эса янги йилгача сотамиз. Албатта, бунда иситиш тизимига алоҳида эътибор қаратамиз. Кейинги йил тўлиқ кўкат экамиз. Январда эртачи шолғом экилади. Ҳосил 1,5 ойда тайёр бўлади. Етиштирилган ҳосил бир ҳафтада йиғиштириб сотилади. Сўнг редиска уруғи сепилади. У ҳам 1,5 ойда тайёр бўлади. Ундан сўнг булғор қалампири экамиз. Уни сентябргача сотамиз. Сентябрда эса шивит, кашнич, уруғдан кўк пиёз ва саримсоқ пиёз экилади. Буларни янги йилгача пуллаймиз. Шу тартибда босқичма-босқич давом этаверади. Хуллас ерни бир қаричини ҳам бўш қўймаймиз. Ушбу маҳсулотларни етиштириш учун иссиқлик ҳам керак эмас. Термос қилиб ёпиб қўйсангиз бас.

Қаловини топсанг қор ҳам ёнади деганларидек, имкон излаганга, интилганга ҳамиша бир йўл топилади. Талликуронга ҳам оқова сув келиши муаммо, лекин деҳқонлар тўхтаб қолмайди ер ости сувини чиқариб, ариқлар орқали офтобда оқизиб, гўнг солинган ҳовузга ташланади. Ундан чиққан сув эса экинларга йўналтирилади. Шундай қилинса, сув йўл-йўлакай менераллар билан тўйинади ва экинга зарар бермайди.

– Томорқага асосан кўкат экамиз, – дейди Акром Пиримов. – Ҳозир январь ойининг охирроғида сепган шолғомимиз таг олиб қолди. Ҳадемай бозорга чиқарамиз. Албатта, бошида уруғ сепилган пушталарни устига симдан ясалган махсус дугалар ўрнатиб, ерпарник қиламиз. Аслида шолғомни совуқ урмайди, лекин ер парник остига экса ҳам тезроқ ривожланади, ҳам “эркаклаб” кетмайди. Чорвамиздан чиққан гўнгни ерга соламиз. Сабаби ерни тўйдирмасанг, у ҳам ҳақ бермайди.

“Шунча меҳнат ва харажат қилиб, шолғомни етиштирдингиз ҳам дейлик, олинган даромад ҳаражатни қоплайдими”, сўраймиз ундан.

– Албаттада, қопламаса етиштирармидик, – дейди деҳқон. – Масалан, ўтган йили шолғомнинг бир боғини бошланишига 2 минг сўмдан, кейинроқ 1,5  минг, охирида минг сўмдан сотганмиз. Бир боғда 3 дона шолғом бўлади. Ярим метр квадрат жойдан 10 боғга яқин шолғом чиқади. Энди бу ёғига “кара-кара” қилиб олаверасиз-да.

Акром Пиримов фақатгина томорқада деҳқончилик қилиш билан чекланиб қолгани йўқ. Кўкат етиштириш ишларини асосан, оила аъзолари бажаради. Ўзи эса апрелнинг охири май ойининг боши билан асалари карвонини тортиб чўлларга чиқиб кетади. Ҳозирда 35 оила асалари парваришланмоқда.

Шу қишлоқлик Алишер Бердиевнинг ҳам 16 сотихлик томорқаси бор. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди. Ҳовлисидаги ердан унумли фойдаланиб, оилавий деҳқончилик қилади. Эртачи шолғом, шивит, кашнич, редиска, саримсоқ пиёз, кўк пиёз етиштириб бозорга сотади. Ердан йил бўйи унумли фойдаланади.

Биз борган куни кашнич ва исмалоқ терилиб боғланаётган экан.

– Кўкатларни бозорда кетишига қараб экиб етиштирамиз, – дейди А.Бердиев. – Масалан, кузнинг бошланишидан то ёзгача кўкат етиштирамиз. Сабаби ўша даврда кўкатга талаб ошади. Айниқса, баҳорда. Мана бугун ҳам исмалоқ ва кашничларни олиб, қопларга жойладик. Эрта тонгда бозорга олиб бориб, улгуржи сотамиз. Аслида кўкат инсон саломатлиги учун ҳам жуда фойдали. Ҳам арзон. Одамлар буни англамоқда. Шу боис бугун бозорларимизда бу каби маҳсулотларга талаб ошмоқда.

[gallery-6118]

– Кўкатчиликнинг даромади қандай?  

– Тўғри кўкат арзон. Масалан шивит, кашнич, петрушка каби кўкатларни улгуржи сотганда 10-15 боғини минг сўмдан берамиз, – дейди А.Бердиев. – Лекин кўп нарсадан кўп фойда қолади. Узлуксиз равишда етиштирсангиз, даромади жуда баракали бўлади. Буни қишлоғимиз одамлари аллақачон англаб етган. Шунинг учун доимий равишда кўкат экишади.

Талликуронда қайси бир хонадонга кирманг, мана шундай омилкорликнинг гувоҳи бўласиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун ҳовлисидаги мўъжазгина томорқадан унумли фойдаланиб, рўзғорини обод қилиб, тўқ ва фаровон яшаётган замондошларимиз талайгина. Қарши туманидаги Талликурон қишлоғилик деҳқонлар фаолияти бунга яққол мисол. Аксинча ҳовлисидаги ҳайҳотдек ерни бўш қўйиб, бир боғ пиёзни ҳам бозордан сотиб олаётганлар ҳам кўп.

Хулоса ўзингиздан.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА