Бухоро вилоятидаги 530 та умумтаълим мактабида 321 минг нафардан зиёд ўқувчи ўқийди. Таълим сифатида умумтаълим мактабларида яратилган шароитлар, моддий-техник базанинг мустаҳкамлиги муҳим аҳамият касб этади.
–2022 йилги Давлат дастурларига асосан вилоятдаги 43 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева. – Жумладан, инвестиция дастури доирасида 21 та умумтаълим мактабларида қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди, 4 та янги мактаб барпо этилди. 11 та мактаб реконструкция қилиниб, 6 таси мукаммал таъмирланди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам 12 та мактабда реконструкция, 9 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамаси Раёсат мажлисининг 2022 йил 15 мартдаги 40-сонли баёнига асосан Когон туманидаги 20-умумтаълим мактабининг филиали янгидан қад ростламоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 7 минг 566 та янги ўқувчи ўрни яратилиб, мавжуд 13 минг 560 минг ўқувчи ўринли бино-иншоотлар мукаммал таъмирланди. 5 та мактаб янги замонавий спорт залларига эга бўлди. Бу эзгу мақсадлар учун давлат бюджетидан 191,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Айни пайтда инвестиция дастури доирасидаги барча объектлар фойдаланишга топширилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳам 459 та мактабнинг 11 минг 565 та синф хоналарида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бунинг учун 2 миллиард 311 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 1 миллиард сўм маблағ ҳисобига 64 та умумтаълим мактабининг ҳожатхоналари жорий таъмирланди.164 та синф хоналари замонавий мактаб лойиҳалари асосида таъмирланиб, жиҳозланди. Ушбу мақсадлар учун жами 3,3 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, умумтаълим мактабларида яроқсиз ҳолга келган, маънан эскирган ўқув парталарини янгилаш мақсадида 11 минг 611 дона парта ва 1 500 дона доскалар харид қилиниб, таълим муассасаларига етказилди.
[gallery-9029]
Таълим муассасаларида ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ўқувчиларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида 91 та мактаб ва 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари замонавий компьютер техникаси билан таъминланди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 10.6 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Ичимлик суви ташиб келтириладиган 40 та мактабга тоза ичимлик суви тортилди. Буларнинг 15 таси “Замин” халқаро жамоат фонди, 25 таси эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. 41 та умумтаълим мактабининг атрофлари ўралиб, 120 та мактабнинг иссиқлик тизими таъмирланмоқда.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ташқи деворларни таъмирлаш, синфларни жиҳозлаш, спорт зал ва ошхонани тайёрлаш, синган ойналарни алмаштириш, ҳожатхоналарни санитария-гигиена талабларига мослаштириш, том қисмларини таъмирлаш, иситиш тизимини мавсумга тайёрлаш ишлари барча мактабларда босқичма-босқич амалга оширилди.
Ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан қурилиш маҳсулотларига бўлган эҳтиёж шакллантирилиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан 2 261,8 миллион сўм маблағ ажратилди. 2022-2023 ўқув йили ва куз-қиш мавсуми учун халқ таълими муассасаларига жами 9 минг 969 тонна кўмир маҳсулотлари етказилди.
Молия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз йиғиш орқали Бухоро вилоятидаги 150 та умумий ўрта таълим мактаби ғолибликни қўлга киритган. Унда мактаб бинолари ва ички иситиш тизимларини таъмирлаш, жиҳозларни янгилаш, мини футбол майдончасини қуриш, синф хоналарининг эшик, деразаларини алмаштириш, моддий техник базасини ривожлантириш каби таклифлар илгари сурилган. Ушбу мақсадларга давлат томонидан 31,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА