Жорий йил Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбир жамиятимизда илм-фан, маърифат ҳамда таълим соҳасига бўлган эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 2 баробарга ўсгани, таълим ва илм-фан соҳасига ажратилаётган маблағлар 6 баробар ошгани таълимга стратегик соҳалардан бири сифатида қаралаётганини кўрсатади. Бу эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва жамоатчилик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки меҳнаткашлар, айниқса, устоз ва мураббийларнинг меҳнати муносиб қадрланаётган жамиятда барқарор тараққиёт ҳамда ижтимоий барқарорликка эришиш мумкин.

Тадбирда давлатимиз раҳбари касбий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратди. Соҳа учун 2026 йил – Ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши, шу мақсадда Касбий таълим агентлигининг ташкил этилиши шу тизимнинг барча фидойилари қатори мени ҳам қувонтирди. Негаки, тажриба ва кўникмаларим шу тизимда шаклланган. Унинг барча бўғинларида ишлаб чиқариш устасидан коллеж раҳбаригача бўлган йўлни босиб ўтганман. Унинг машаққатларини иш фаолиятимда ҳис этганман.
Юртбошимизнинг касбий таълимга бўлган бугунги эътибори, қўллаб-қувватлашлари, имтиёзларини бошқа таълим турлари билан тенглаштирилиши 598 та техникумга янги муҳитни олиб киради. Халқаро стандартларнинг, энг илғор касбий таълим дастурларининг жорий этилиши натижасида ёшларимиз хорижий давлатларнинг таълим ташкилотларидан қолишмайдиган техникумларда туризм, тиббиёт, қурилиш, логистика, иқтисодиёт каби йўналишларда касбларни эгаллайди. Уларнинг меҳнат бозорида касб эгаллаб, ўз ўрнини топиши эса оилалар фаровонлигини, маҳаллалардаги тинчликни, ота-оналар розилиги, хотиржамлиги ҳамда жамиятдаги барқарорликни таъминлайди.
Педагогларни қўллаб-қувватлаш – фақат моддий эмас, балки маънавий эҳтиром ҳамдир.
Касаба уюшмалари тизими учун энг муҳим йўналишлардан бири – бу меҳнаткашларнинг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдир. Президентимиз томонидан билдирилган ташаббуслар – педагоглар учун ипотека кредитларининг бошланғич бадалини қоплаш, фарзандларининг контракт тўловига чегирмалар бериш, компьютер хариди учун имтиёзли кредит ажратиш, давлат хизматлари тўловларини икки баробар камайтириш каби чоралар ўқитувчиларнинг – касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, вилоятимизда мавжуд 25 та техникумдаги 1000 нафардан ортиқ муаллим ва усталарнинг малакаси ҳамда жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган чораларнинг белгиланиши, улар учун касбий сертификатлаш тизимининг яратилиши натижасида ишлаб чиқариш усталари ва ўқитувчилар ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан манфаат кўради ва ўз ўрнида уларнинг салоҳияти ҳам янада ошади.
Ёшларга яратилаётган имкониятлар эса мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.
Таълим фаолиятини бозор талаблари билан уйғунлаштириш мақсадида техникумларда амалга оширилаётган ислоҳотлар “инвестор – тармоқ – техникум” занжири, дуал таълим, халқаро сертификатлаш ва замонавий устахоналар барпо этиш бугунги кунда касбий таълимнинг нуфузини тубдан оширади. Бу жараёнлар ёшларнинг касб эгаллаб, меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилоят Кенгаши таълим соҳасидаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар нафақат соҳа тараққиётига, балки бутун жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ҳимоя қилиниб, ижтимоий шароитлари яхшиланар экан – бу мамлакатнинг ҳар томонлама тараққиёти ва келажак фаровонлигининг кафолати бўлади.
Назира Тоғаева,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Навоий вилоят Кенгаши раиси.
ЎзА