Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимга киритилган сармоя келажак учун сармоядир
11:04 / 2022-06-14

Бугунги кунда юртимизда таълим тизимини янги босқичга кўтариш, юксак маънавиятли, билимли ёш авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳаттоки, энг чекка қишлоқларда ҳам замон талабларига жавоб берадиган, барча ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан жиҳозланган, шаҳарлардагидан қолишмайдиган ўқув масканлари қад ростлаганки, уларда озод ва обод Ватанимизнинг бахтли фарзандлари таълим-тарбия олмоқда.

Жумладан, Учқудуқ туманидаги барча таълим муассасаларида, олис овуллардаги умумтаълим мактабларида ҳам таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларнинг пухта билим эгаллашлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб эса таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий билим ва кўникмаларини ошириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Бунда Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажаради.

Қарорга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларига миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чала олиш маҳорати ўргатилади, бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари (шаҳодатнома)га тегишли қайд киритилади. Мусиқа фани ўқитувчиларининг миллий чолғулардан камида биттасини, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасини чала олиш маҳоратига эга бўлиш мажбурий ҳисобланади. Қўшимча мусиқа тўгараклари ташкил этилади.

Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, очиқ бюджет портали орқали Учқудуқ туман халқ таълими тизими учун 950 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ эвазига 10 та интерактив доска, 8 мингга яқин бадиий адабиётлар, 70 та молберт доскалари, 190 дона мусиқа асбоблари ва 1700 дона спорт жиҳозлари ҳамда 10 дона замонавий компьютер жамланмаси харид қилинди.

Туман марказидаги 7-умумий ўрта таълим мактабида келтирилган ушбу жиҳоз ва асбоб-ускуналар илм даргоҳларига берилди.

– Аслида, ҳар бир болада мусиқий қобилият бўлади, – дейди туман ҳокими Соли Ҳамроев. – Шу сабабли, ўқувчини мусиқа асбобини чалишга мажбурлаш эмас, балки уни қизиқтириш муҳим аҳамият касб этади. Эҳтимол, кейинчалик ушбу ташаббус фақат миллий чолғу асбоблари билан чекланиб қолмас. Масалан, бола клавишларни ёқтириши ва келажакда ўзини истеъдодли пианиночи сифатида намоён қилиши мумкин. Улғайганида болаларнинг барчаси ҳам мусиқа билан жиддий шуғулланмасада, бу шахс сифатида шаклланишига ижобий таъсир қилади.

Харид қилинган мазкур жиҳозлар таълим муассасаларида таълим-тарбия сифат ва самарадорлигини янада оширишга, ўқувчиларнинг маданият, санъат, спорт ва ахборот коммуникация технологияларига бўлган қизиқишларини юксалтиришга хизмат қилади, албатта.

А.Бўриев, ЎзА