Таълимга эътибор - келажакка эътибор
Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида янги ўқув йили кўтаринки байрам руҳида бошланди.
Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида янги ўқув йили кўтаринки байрам руҳида бошланди.
“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик байрами ва “Билимлар куни“га бағишлаб ўтказилган тадбирлар вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ўринбосарлари, ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, ижодкор зиёлилар иштирокида ташкил этилди.
Вилоят марказидаги 3-умумтаьлим мактабида бўлиб ўтган тадбирда Термиз шаҳар ҳокими И.Худойбердиев иштирок этиб, йиғилганларни мустақиллигимизнинг 28 йиллик қутлуғ байрами ва янги ўқув йилининг бошланиши билан самимий муборакбод этди. Кейинги йилларда таълим тизимида юз берган ўзгаришлар ва ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган улуғвор ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Президентимиз раислигида жорий йил 23 август куни ўтказилган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг мазмун-моҳияти хусусида фикр юритди.
– Обод ва озод Ватанимизда кейинги йилларда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор ҳам истиқлол шарофатидир, – деди И.Худойбердиев. – Жумладан, мактабгача таълимнинг замонавий тизими кенг жорий этилди. 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта тикланди. Президент мактаблари ва хусусий мактаблар ташкил этилмоқда. Жойларда янги-янги олий таълим муассасалари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари очилмоқда. Таълим муассасаларини қайта таъмирлаб, реконструкция қилиб, замонавий усулда жиҳозлашга эътибор кучайтирилмоқда. Хусусан, шу йил Термиз шаҳридаги бешта умумтаьлим мактаби қайта таьмирланди. Асрларга татигулик бу ишларнинг барчаси ёш авлоднинг ҳар тарафлама чуқур билим олиши, касб эгаллаб, жонажон Ватанга муносиб инсонлар бўлиб, вояга етиши учун амалга оширилаётир. Таьлимга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар келажакка, сизларга эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Дарвоқе, бундан уч йил муқаддам битта университет мавжуд бўлган вилоятда бугун еттита олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Янги, замонавий мактаблар барпо этилмоқда. Мавжудлари тубдан реконструкция қилиниб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланаётир. Термиз шаҳридаги 3-ўрта мактабда “Обод маҳалла“ дастури доирасида олиб борилган 3 миллиард сўмликдан ортиқ реконструкция ишлари ҳам бунга яққол далилдир. Янги ўқув йили олдидан шаҳардаги юздан ортиқ кам таьминланган, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига бепул мактаб формалари, ўқув қуроллари совға қилингани ҳам халқимизга хос саҳоватпешалик, бағрикенглик каби юксак фазилатларимиз янада кенг қулоч ёзаётганининг амалдаги ифодасидир.
2019-2020 ўқув йилида Термиз шаҳридаги 19 та умумтаьлим мактаби ва иккита ихтисослашган мактаб-интернатида 26 минг 400 дан ортиқ ўғил-қиз таълим-тарбия олади. Уларнинг 2 минг 779 нафари биринчи синф ўқувчиларидир. Вилоятда таълим самарадорлиги бўйича ўз ўрнига эга бўлган 3-умумтаьлим мактабида икки мингдан зиёд ўқувчи ўзбек ва рус синфларида ўқийди.
Тадбирда 1-синфга қабул қилинган 110 нафар ўқувчининг ҳар бирига 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғаси тантанали топширилди. Ўқувчи-ёшлар илм-фан, спорт ва санъатда эришаётган ютуқларидан намуналар намойиш этди.
Биринчи қўнғироқ чалинди. Илк сабоқлар мустақиллик дарси билан бошланди.