French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимга бўлган эътиборнинг натижалари бўй кўрсатмоқда
18:36 / 2025-09-02

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабида “Билимлар куни” муносабати билан ўтказилган байрам тадбири катта руҳий кўтаринкиликда ўтди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳам иштирок этди.

Тадбир давомида вилоят раҳбари янги ўқув йили бошлангани билан барча ўқитувчи ва ўқувчиларни табриклар экан, ёш авлоднинг билимга чанқоқлиги, ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбияланиши учун яратилаётган шарт-шароитларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Сўнгги йилларда Жиззах вилоятида таълим соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган 3 йил давомида давлат бюджетидан 80,7 миллиард сўм маблағ ажратилиб, мактаблар компьютерлар, замонавий техник воситалар ва интернет билан таъминланди.

Аҳоли сони ўсиши ва шаҳарлашув тенденцияларини инобатга олган ҳолда, 450 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига янги мактаблар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда эса 3 та янги мактаб қурилиб, 23 таси таъмирланди, 14 та мактабда спорт заллари барпо этилди.

[gallery-25135]

Бундай ислоҳотлар натижасида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қамрови ҳам ошиб бормоқда. 2024–2025 ўқув йилида вилоятдаги мактабларни 18 мингга яқин ўқувчи тамомлаган бўлиб, уларнинг 33 фоизи — 5842 нафар ўқувчи давлат ОТМларига ўқишга қабул қилинди. Масалан, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида барча битирувчилар 100 фоизлик натижа қайд этишди. Шунингдек, Зарбдор туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ҳам барча битирувчилари олий таълим муассаларига қабул қилинди.

— Мактабимиз 740 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 1097 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, — дейди Дўстлик туманидаги 2-мактаб директори Раъно Хўлмўминова. — Мактабда 68 нафар педагог фаолият юритмоқда, уларнинг 45 фоизи олий ва биринчи тоифали мутахассислар. 

Директорнинг айтишича, 2025 йилда мактабни 91 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг 43 нафари олий таълим муассасаларида ўқийдиган бўлди.

— Мактабимиз туман миқёсидаги рейтингда кучли учликка киради, — дейди Раъно Хўлмўминова. — Жумладан, 11-синф ўқувчимизнинг бири — Ғайрат Олимов спортнинг каратэ тури бўйича Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб, имтиёзли равишда олий таълим муассасига қабул қилинди. Бундан ташқари, битирувчиларимизнинг 30 фоиздан зиёди турли халқаро сертификатларни қўлга киритишган.

Тадбир якунлангандан сўнг, мактаб ҳудудида “Ота-оналар боғи” ташкил этилиб, 300 дан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Ушбу эзгу тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳам иштирок этиб, боғга дарахт кўчати экди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари