French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимга бахшида умр (+видео)
11:37 / 2023-10-01

Таълим. Шу сўз эшитилганида кўз ўнгимизда жонкуяр муаллиму меҳрибон муаллималар гавдаланади. Албатта, ҳар биримиз ҳам ўқувчи бўлганмиз. Юзларидан меҳр томиб, кўзларидан нур чарақлаб турган ўқитувчиларимизнинг меҳнатини, бу улуғ касбнинг машаққатларини яхши биламиз.

<iframe width="956" height="538" src="https://www.youtube.com/embed/ePjGzsx9Z3s" title="Таълимга бахшида умр" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ана шундай ўқитувчилардан бири, бутун умрини таълимга бағишлаб, юзлаб, минглаб ёшларни билимли, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом вояга етказиш йўлида хизмат қилиб, эл-юрт ҳурмати-ю эҳтиромига, олқишига сазовор бўлган, меҳрибон, софдил ва камтарин инсон, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси Насиба Досановадир.  

Дарҳақиқат, умрини, билим ва тажрибасини ёш авлод келажаги учун бағишлаган муаллимани чин маънода касбидан саодат топган аёл дейиш мумкин. Насиба опа умрининг 40 йилини таълимга, педагогиканинг сеҳр ва жозибасини шогирдларига сингдиришга бағишлади, бор меҳрини, билимини болаларга берди. Узоқ йиллар давомида мактаб директори лавозимида фаолият юритгани учунми, мактабнинг барча катта-кичик муаммоларида энг манфаатли ечимларни топишда узоқ йиллик тажриба қўл келади.  

Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, шубҳасиз, интеллектуал салоҳияти юқори, мустақил фикр ва кенг дунёқарашга эга кадрларни тайёрлашга, қолаверса, уларнинг меҳнати ва интилишига боғлиқ. Ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашдек ўта муҳим ва долзарб вазифа кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийлар зиммасига юкланади.  

Қуёш ўзининг заррин нурлари билан табиатга жон ато этгани сингари устозлик маҳорати, салоҳияти ва тажрибаси билан ўз шогирдлари қалбини илм зиёси ила тўлдира олган Насиба Досанова бугун чин маънода замонамиз қаҳрамонидир. Зеро, унинг босиб ўтган умр йўли, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги, муаллим сифатида яратган ўзига хос ҳаёт мактаби ёш авлод учун ибрат ва намуна мактабидир.

Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам азиз ўқитувчиларимизни Устоз ва мураббийлар куни билан муборакбод этамиз. Мустаҳкам саломатлик, руҳий ва жисмоний тетиклик, машаққатли меҳнатингизда омад ёр бўлсин. Ҳамиша ҳурмат ва эъзозда бўлинг!

М.Турдалиева, А.Содиқов ЎзА