Аввал хабар берилганидек, парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йилдаги ҳамда 2025 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Жумладан, “Миллий тикланиш” фракцияси аъзолари бюджет ижроси муҳокамасига партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашдилар. Яъни, асосий эътибор таълим-тарбия соҳаси, ёшларни қўллаб-қувватлаш, туризм ва маданий мерос масалаларида белгиланган вазифалар ижросига қаратилди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, ижтимоий харажатлар Давлат бюджети харажатларининг 49 фоизини ташкил этди.
Ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисми, яъни 46,8 фоизи эса таълимга сарфланган. Жумладан, бунинг учун 71,2 трлн. сўм ёки 2023 йилга нисбатан 10 триллион сўм кўп маблағ ажратилди.
"Миллий тикланиш" фракцияси ташаббуси билан "Тирик тарих" туркумидаги фильмларни ишлаб чиқиш учун давлат бюджетидан 40 млдр. сўм қўшимча маблағ ажратилган эди.

Муҳокамаларда депутат Азамат Пардаев ушбу масалани кўтариб, натижаси билан қизиқди. Бунга жавобан Маданият вазирлиги вакили "Тирик тарих" туркумида 54 та тарихий фильм ишлаб чиқариш белгилангани, жорий йилда унинг доирасида 10 та фильмни суратга олиш ишлари бошланганини маълум қилди.
Шунингдек, муҳокамаларда умумтаълим мактабларида кам таъминланган оилалар фарзандлари учун бепул тўгараклар ташкил қилиш масаласи ҳам кўтарилди. Депутат Баҳодир Маматхонов фракция ташаббуси билан ушбу мақсад учун 2025 йил бюджетдан қўшимча 200 млрд. сўм ажратиш масаласи ҳал қилинганини, аммо жойлардаги ўрганишлар давомида бу борадаги ишлар ҳамон бошланмаганига гувоҳ бўлишганини қайд этди.

Вазирлик вакили бу масала бўйича тегишли идоралар билан келишилгани, қарор лойиҳаси яқин кунларда имзоланишини маълум қилди.
Қизғин муҳокамалар давомида яна бир қатор савол ва масалалар кўтарилиб, масъуллардан тегишли жавоблар олинди.
Депутатлар бюджет ижроси самарадорлигини таъминлаш, йўналтирилган маблағларни ўз вақтида ўзлаштириш ва ундан оқилона фойдаланиш лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА