Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимдан ташқари меҳнат қилиш талабани оилага моддий қарамликдан қутқаради
14:31 / 2022-03-17

Муносабат

Бугунги глобаллашган дунёда талабаларнинг иқтисодий аҳволи ва моддий таъминот масалалари кескинлашган. Аҳолининг баъзи қатламида яшаш даражасининг пасайиши, ишсизлик, тижоратлаштирилган таълим, стипендиянинг камлиги талабаларни даромад манбаларини қидиришга мажбур қилмоқда.

Қўшимча даромад манбалари орқали ўзини таъминлаш моддий жиҳатдан талабани оилага боғланганликдан – моддий қарамликдан қутқариб, молиявий мустақилликка олиб келса, яна бир томондан меҳнат унинг учун дастлабки иш тажрибасига мослашувида ўта зарур қадамдир. Таълимдан ташқари иккинчи бандлик – меҳнат қилиш талабанинг дахлдорлигини оширади ва моддий фойда кўришига олиб келади.

Таъкидлаш жоизки, ўқиш ва меҳнатни бир вақтнинг ўзида олиб бориш талабанинг маънавий ва жисмоний ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Вақтни самарали ўтказиш билан бирга талаба ёмон академик кўрсаткичлар кўрсатиши, қолдирилган дарслар каби муаммолар ва чарчоқ, руҳий қийинчиликларга учраши мумкинлигини ҳам кўздан қочирмаслигимиз керак.

Ҳозир кўплаб талабалар ўқишнинг биринчи босқичиданоқ бошланғич меҳнат кўникмаларини шакллантириб, асосий ўқиш фаолияти билан бирга меҳнат бозори муносабатларини ўрнатишга ҳаракат қиляпти. Бироқ турли хил босим, тазйиқ ва нотўғри муносабатлардан ёшларнинг ҳимояланишини таъминлаш пайти келди. Ҳали етук малакали мутахассис сифатида шаклланмаган талабанинг меҳнат фаолияти билан шуғулланишида унинг касб ва касбий маҳорат, муваффақиятга эришиш аҳамияти ва меҳнат бозоридаги қадриятлар ҳақидаги тушунчалари шаклланади.

Президентимиз раислигида 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада алоҳида таъкидланди. Истисно тариқасида, ректорларга ўз тизимидаги ўқув ёрдамчи ва техник ходимлар лавозимларига талабани билим ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишга жойлаштиришга рухсат этилиши айтиб ўтилди. Олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, олийгоҳларда ўқиётган талабаларимиз орасида салоҳиятли, масъулиятли ва топширилган вазифани мукаммал бажарадиганлари кўпчиликни ташкил этади.

Давлатимиз раҳбарининг ёшларни қўллаб-қувватлаш, талабалар бандлигини таъминлаш борасидаги фикр ва таклифларини Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали жамоаси билан чуқур ўрганиб, амалга оширишимиз зарур бўлган режаларни белгилаб олдик. Жумладан, филиалда бугунги кунда штатлар жадвали асосида 14 нафар талаба меҳнат қилаётган бўлса, штатлар жадвали кенгайиши ҳисобига уларнинг сонини яна 10 нафарга ошириш режалаштирилди. Ҳозирги кунда таълим олиш билан бирга, автосервис ва автомобиль ювиш шохобчаларида, дорихона ва дўконларда иш билан банд, ҳунармандчилик (тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик ва б.) ҳамда ҳайдовчилик билан шуғулланаётган 312 нафар талабамиз бор. Булардан ташқари, 254 нафар ёш ишлашга эҳтиёжи борлигини билдирган.

Уларнинг билими, қизиқиши ва салоҳиятини ўрганиб, мос иш ўринлари яратиш ва бандлигини таъминлаш жамоамизнинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Бу йил давлат хусусий шерикчилик асосида 500 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи биносининг қурилиши ҳамда ётоқхона фаолиятини ташкил этиш ишларига 25 нафар талаба жалб этилади. Металлургия таълим йўналишида таҳсил олаётган 6 нафар талабанинг бандлиги кафедра лабораториясида темир купоросини ишлаб чиқариш орқали таъминланади.

Филиал медиа марказига 4 нафар, компьютер хизматлари кўрсатиш ва мини типографияга 6 нафар, тил ўрганиш марказига 8 нафар, ташкил этилаётган тикувчилик цехига 20 нафар талаба жалб этилиши режалаштирилди. Шунингдек, ҳудудда жойлашган корхона ва ташкилотлардаги вакант иш ўринлари ҳисобига 73 нафар талабанинг иш билан бандлиги таъминланади. Ёш фарзандлари бор талаба ва жамоа аъзоларининг мактабгача ёшдаги болалари учун қисқа муддатли гуруҳ очиш ниятимиз бор. Талаба ёшларнинг истак ва хоҳишларини ўрганган ҳолда турли хил меҳнат фаолиятларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Алишер Самадов,

ТДТУ Олмалиқ филиали директори,техника фанлари доктори.

ЎзА.