Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимдаги янгиланишлар Ширин шаҳрида ўз самарасини бермоқда
19:13 / 2025-09-20

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида таълим тизимини ривожлантириш, замонавий ўқитиш усулларини кенг жорий этиш ва ўқувчиларнинг ютуқларини кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фаррух Алимов иштирок этди ва журналистларни шаҳардаги 4 та умумтаълим мактаби, «Баркамол авлод» болалар мактаби ҳамда 13 та мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди. У таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

– Бугунги кунда шаҳардаги таълим муассасаларимизда 3 400 дан ортиқ бола таълим-тарбия оляпти. Уларга 124 нафардан зиёд педагог ва тарбиячилар дарс беряпти, – деди у.

2025–2026 ўқув йилига тайёргарлик доирасида барча мактаблар кириш қисмлари ҳамда 124 та синфхона таъмирланди. Бюджет маблағлари ва ҳомийлик ҳисобига зарур қурилиш-таъмирлаш материаллари етказиб берилди.

Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси буйруғи билан қиймати 3 миллиард 716 миллион сўм бўлган 1-сонли мактабгача таълим муассасаси қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу қарорга мувофиқ, “Баркамол авлод” мактабида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари бошланди ва бунинг учун 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шаҳарда таълим жараёни тобора замонавийлашмоқда. Хусусан, 25 нафар хорижий тил ўқитувчиси фаолият юритиб, уларнинг аксарияти халқаро ва миллий сертификатларга эга. 2023–2025 йилларда билимни баҳолашнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилди. Натижада юқори синф ўқувчилари орасида IELTS ва CEFR сертификатларини қўлга киритаётганлар сони ортиб бормоқда. Фақат 2024–2025 ўқув йилида 60 нафар ўқувчи турли фанлардан халқаро ёки миллий сертификат соҳиби бўлди.

Битирувчиларнинг олий таълимга қабул кўрсаткичи бир йил ичида 46 фоиздан 80 фоизга кўтарилди. Бу натижа ортида ўқитувчиларнинг меҳнати, таълимга жорий этилган инновациялар ва ўқувчиларнинг фаол изланишлари турибди.

Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида ёшларнинг касбий қизиқишига алоҳида эътибор қаратилди. Ширинлик ўқувчилар Фарҳод ГЭС, “Wангда Металл” қуйиш заводи, “Сувтаъминот” корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ташкил этилган экскурсияларда иштирок этишди.

Шаҳар мактабларининг ўқувчилари фан олимпиадаларида ҳам фаол қатнашиб, она тили ва адабиёт, давлат ҳуқуқи, география ва инглиз тили фанларидан вилоят ва республика босқичларида ғолиб чиқди. Ҳозирги кунда 131 та фан, 39 та бошқа тўгараклар  фаолият юритмоқда. «Баркамол авлод» мактабида маданият ва санъатдан тортиб, техника, спорт ва чет тилларигача бўлган йўналишларда 430 нафар бола тўгаракларга жалб қилинган.

Таълим муассасаларини техник жиҳатдан таъминлаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Ҳиндистон гранти, «Очиқ бюджет» лойиҳаси ва маҳаллий маблағлар ҳисобига мактаблар 148 та компьютер ва юқори тезликликдаги  интернет билан таъминланди. ЭҲИМ Банк лойиҳаси доирасида 48 та компьютер, республика бюджети ҳисобига 38 та моноблок, Ҳиндистон гранти доирасида 30 та моноблок ва маҳаллий бюджет ҳисобига 32 та компьютер олиб келинди.

Пресс-тур доирасида шаҳардаги 2-умумтаълим мактабига амалга оширилган ташриф ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу мактаб жамоаси хорижий тилларни ўқитишда икки йилдан бери Ширин шаҳрида, вилоятда ва республикада юқори натижа қўлга киритиб келмоқда. Президент соврини учун ўтказилаётган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловининг ўтган йилги босқичида мактаб «Фаол иштирокчи» номинациясига, жорий йилги босқичида эса 3-ўрин ва 300 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда Лондонга 7 кунлик таълим саёҳати йўлланмасига сазовор бўлди.

– Ҳали олдимизда кўп мақсадлар бор, – деди пресс-тур давомида умумтаълим мактаби директори Раимжон Игамбердиев. – Ўқитувчиларимиз изланишдан, ўқувчиларимиз билим олишдан тўхтамайди. Келгуси йил республикада ўтказиладиган танловлар, олимпиадалар ва турли мусобақаларда фаол иштирок этиб, биринчиликка эришиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Шаҳар ҳокимлиги томонидан мунтазам назорат олиб борилиши ва зарур шарт-шароитлар яратилиши ўқувчиларимизнинг ютуқларига асосий омил бўлмоқда.

Ширин шаҳрида ташкил этилган мазкур пресс-тур давомида ОАВ вакиллари шаҳардаги таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири