Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимдаги туб ислоҳотлар: замонавий дастур ва дарсликлар таҳлили
12:31 / 2021-12-21

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий ўқув дастури асосида тайёрланган янги дарсликлар ва таълим мазмунидаги ўзгаришларни кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Унда Республика таълим маркази мутасаддилари ва янги дарслик муаллифлари иштирок этиб, дарслик яратиш, татбиқ этиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан маҳаллий олимлар ва халқаро экспертлар билан биргаликда Миллий ўқув дастурини яратиш ишлари якунига етказилди. Миллий ўқув дастури лойиҳасини тайёрлашда 246 нафар миллий экспертлар, жумладан 119 нафар мактаб ўқитувчилари, Олий таълимдан 105 нафар профессор-ўқитувчилар, 22 нафар фан методистлари, шунингдек UNICEF ва USAID халқаро ташкилотлари орқали жалб қилинган 16 нафар халқаро экспертлар иштирок этди. Миллий ўқув дастурнинг компонентлари: малака талаблари (ДТС), фан концепциялари, ўқув режа, фан ўқув дастурлари, ўқитиш методологияси ва баҳолаш тизимидан иборат.

Миллий ўқув дастурида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолашнинг халқаро тадқиқотлари (ПИСА, ПИРЛС, ТИММС)га мос мавзулар ҳамда янгича таълим ёндашувлари (СТEМ, ҳамкорликда ўрганиш, лойиҳалар асосида ўқитиш) каби замонавий мавзулар ва ёндашувлар ўрин олган. Илк бор 1-6-синфларда ўқитиладиган 5 та фаннинг интеграциялашуви натижасида “Табиий фан” киритилди. Айтиш жоиз, ушбу фан дастури Хельсинки университети профессори Яри Лавонен иштирокида халқаро талабларга мослаштирилди.

– Миллий ўқув дастурини амалиётга жорий этиш мақсадида 2021-2022-ўқув йили учун барча фанлар бўйича танлов асосида саралаб олинган 154 нафар муаллифлар иштирокида 1-2-синфлар учун жами 326 номдаги дарсликлар, уларга қўшимча равишда ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, ўқув дафтарлари ва мультимедиа иловалари яратилди. Геймификация методи асосида ўқувчиларга ўйинлар орқали дарс беришга мўлжалланган мультимедиа иловалари ишлаб чиқилмоқда. Дарсликлар учун мультимедиа иловасида илк маротаба “Augmented Reality” — кенгайтирилган борлиқ технологиясидан фойдаланилмоқда, – деди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов.

Бу жараёнларга 46 нафар профессор, 101 нафар амалиётчи ўқитувчилар, 7 нафар фан методистлари жалб қилинди. Уларнинг ўртача ёши 40-45 ёшни ташкил қилади. Таълимда олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар натижасида, мамлакатимизда ёш олимлар, тажрибали ўқитувчилардан иборат муаллифлар мактаби шаклланди. Дарсликларни яратишда олимлар билан биргаликда амалиётчи ўқитувчиларнинг тенг иштироки Миллий ўқув дастурида белгиланган мақсадларнинг дарсликларда акс этишига хизмат қилди.

Илк маротаба дарсликлар ҳар бир синф битирувчиси эга бўлиши керак бўлган стандарт — малака талаблари ҳамда уларни шакллантириш учун зарур ўқув дастури асосида ёзилмоқда. Дарслик билан бирга ўқитувчи китоби ҳамда бошланғич синфларда машқ дафтари, мультимедиа иловаси тайёрланади. Тайёр дарсликлар амалиётга жорий этишдан аввал илк маротаба тажриба-синов жараёнидан ўтказилди. Яратилган янги авлод дарсликлари танлаб олинган 14 та таянч мактабда апробациядан ўтказилди. Мазкур жараёнда 40 нафар экспериментатор ўқитувчилар ҳамда 937 нафар ўқувчилар иштирок этдилар. Шунингдек, ҳудудларда ўқитувчиларни Миллий ўқув дастури ҳамда дарсликлар асосида дарс бериш бўйича билимларини ошириш бўйича республика миқёсида 100 нафар тренер-ўқитувчилар тайёрланди. Улар орқали 49,1 минг нафар 1-, 2-синф ўқитувчилари ўқитилди.

Дарсликлар амалиёт билан боғланиб, ёд олишга йўналтирилган контент ўрнини ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаб, танқидий ва ижодий фикрлаш, жамоада ишлаш каби муҳим кўникмалар шакллантирувчи вазифалар киритилган.

Миллий ўқув дастури лойиҳаси тайёрлангач, дастлаб фан йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, олий таълим муассасаларидан хулоса олинди. Ушбу таклифлар ўрганилиб, таҳлилдан ўтгач, уларнинг 30-40 фоизи инобатга олиниб, Миллий ўқув дастури лойиҳаси такомиллаштирилди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар орқали Миллий ўқув дастури кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Дастур лойиҳасига 360 дан ортиқ таклиф келиб тушди. Уларнинг бир қисми дастур тузувчилари томонидан инобатга олинди.

Математика, табиий фанлар, тил ўқитиш фанлари учун дарсликлар илк маротаба хорижлик экспертлар ҳамкорлигида тайёрланди. UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси халқаро экспертлари хусусан, дарсликларни яратиш бўйича Энди Смарт, Она тили фанидан Сюзан Ланнузи, Математика бўйича Марселло Старикофф, Табиий фанлар бўйича Филиппа Гардон Халм Республика таълим маркази фан методистлари ҳамда дарсликларни тузувчи ишчи гуруҳ аъзолари билан ҳамкорликда иш олиб борди.

Таълим ўзбек ва бошқа тилларда ўқитиладиган мактаблар учун “Русский язык (РКИ) 2 класс” дарслиги А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети профессор-олимлари ҳамда Болалар учун мўлжалланган кўплаб рус тили (чет тили сифатида) дарсликлари муаллифи Елизавета Хамраева билан ҳамкорликда яратилди.

2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларига жами 45 номдаги Кембриж нашриётинг Инглиз тили ва Информатика дарсликлари жорий этилади. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Ўзбекистон Баркамоллик учун таълим дастури” лойиҳаси доирасида Кембриж нашриёти томонидан ишлаб чиқилган 1-11-синф Инглиз тили ҳамда 5-11-синфгача Информатика ва ахборот технологиялари фанлари дарсликлари маҳаллийлаштирилиб, ўзбек тилига таржима қилинди.

Дарсликларни тайёрлаш жараёнига фақат олимлар, тадқиқотчилар эмас, балки юқори педагогик тажрибага эга ўқитувчилар ҳам жалб қилинди. Дарсликлар ҳам мазмун ҳам шакл жиҳатидан жаҳон стандартларини инобатга олган ҳолда яратилди. Хусусан, улардан ўқувчиларнинг руҳий-психологик ҳолатини инобатга олган ҳолда, ХХI асрда ўз ўринларини топишга кўмаклашувчи ҳаётий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган мавзулар ўрин олган.

Миллий ўқув дастурига асосланган дарсликларни тўлиқ ёзиб тугатиш 2025 йилнинг охирига қадар давом этади. Барча фанлар кесимида 1-11 синф дарсликлари тўлиқ тўпламда ягона гуруҳ томонидан яратилиши белгиланган. 

Файзулло Яҳёев, ЎзА