French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимдаги ислоҳотлар ёшларнинг глобал имкониятларини кенгайтирмоқда
11:16 / 2025-12-11

Кейинги йилларда таълим соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимиз ҳаётига янги руҳ, янги суръат олиб кирди. Бугун ёшлар билим олиши, ўз орзулари сари дадил қадам ташлаши учун яратилаётган шароитлар кундан-кунга кенгаймоқда. Таълимдаги очиқлик, янгиланиш ва халқаро тажрибага таяниш — айнан шу йўналишлар Ўзбекистонда замонавий таълим тизими шаклланаётганидан дарак беради.

Ислоҳотлар халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлаш, битирувчиларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, олий таълимда сифат ва самарадорликни ошириш, илмий тадқиқотлар ҳамда инновацияларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Натижада миллий таълим тизимининг халқаро рейтинглардаги ўрни изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Асосий мақсад — билимга асосланган, инновацион ва самарали таълим тизимини яратиш. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини шакллантирмоқда.

Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ренессанс таълим университети халқаро тажриба, замонавий методлар ва рақамли имкониятларни таълим жараёнига изчил интеграция этмоқда. Натижалар эса қувонарли. Ҳозирда университет талабалари академик мобиллик дастури доирасида Хитойда бўлиб турибди.

Кеча Чонг Чу хавфсизлик технологиялари касб-ҳунар институтида ўқув курсларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори профессор Чен Лунфей, Илмий тадқиқотлар ва ижтимоий ривожланиш бошқармаси раҳбари Ли Чун мамлакатимизда таълимга берилаётган эътибор, соҳадаги ислоҳотлар, Ренессанс таълим университетининг замонавий талаблардан келиб чиқиб ривожланаётгани ва халқаро ҳамкорликдаги фаоллигини юқори баҳолади.

Тадбир давомида университет вакиллари сўзга чиқиб, Хитой халқининг меҳмондўстлиги, урф-одатлари, икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик натижалари ва истиқболлари ҳақида фикр билдиришди ҳамда ўз таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Очилиш маросимидан сўнг табиий офатлар — ер силкиниши, тошқин, чақмоқ ва фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш тамойилларига бағишланган илк назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди. Эътиборга молик жиҳат — Хитойлик талабалар ўзлаштирган билимларини амалий кўринишда намойиш этиб, бизнинг талабалар билан ўзаро тажриба алмашишди. Бу жараён ёшлар учун катта руҳий туртки бўлди.

Хитойнинг ушбу олийгоҳи ҳозирда дунёнинг 300 дан ортиқ ташкилоти билан мазкур йўналишда ўқув дастурларини амалга ошириб келади. Академик алмашинув эса икки халқни яқинлаштирувчи, талаба ва профессор-ўқитувчиларни бирлаштирувчи дўстлик кўпригига айланган.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА