Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимдаги ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади
09:48 / 2025-04-11

Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо натижаларчи? Тизимда татбиқ этилаётган лойиҳалар қанчалик ўзини оқлаяпти? Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида бу саволларга жавоб излаб кўрдик.

Кейинги йилларда мактабгача ёшдаги болажонларни боғчаларга қамраб олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида нафақат туман марказига яқин ҳудудларда, балки олис қишлоқларда ҳам замонавий мактабгача таълим ташкилотлари қурилмоқда. Албатта ҳамма маҳаллада ҳам бир неча йилда бундай имкониятларни ташкил қилиш имконсиз. Жараён босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Боғча таълимидан бебаҳра қолаётган маҳаллаларда эса “Ақлвой” номли кўчма мобил боғчалар фаолияти ташкил этилмоқдаки, боғча қурилгунга қадар болажонларга таълим-тарбия бериш кўзда тутилган. 

Масалан, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Яккадарахт ва Мевазор маҳаллаларида ҳам мактабгача таълим ташкилоти йўқ. Шу сабабли ҳудудга яқин жойлашган 13-давлат мактабгача таълим ташкилотига яқиндагина тақдим этилган “Ақлвой” мобил боғчаси ушбу маҳаллаларга хизмат қилиши йўлга қўйилди.

“Ақлвой” автобуси қишлоқдаги болажонларни уйма-уй юриб миндириб келгач, 82-мактаб ҳовлисининг бир бурчагида болажонларга мос жиҳозланган айвонли майдонча ёнида тўхтайди. 30 нафар болажон икки нафар тарбиячи кўмагида ярим кун давомида вақтларини мароқли ўтказади, таълим-тарбия олади. 

Энг муҳими ушбу мобил боғчада маҳалладаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари танлаб олиниб, бепул хизмат кўрсатилмоқда. 

– Тўрт нафар фарзандим бор, – дейди Яккадарахт маҳалласида яшовчи Мафтуна Тиловмуродова. – Уларнинг икки нафари боғча ёшида. Қолганлари мактабга боради. Аммо боғча бизга узоқ. Қатнашга имконимиз йўқ. Бу каби мобил боғчанинг ташкил қилингани мен каби оналар учун айни муддао бўлди. Энди бизнинг фарзандларимиз ҳам сифатли таълим олади. 

Маълумотларга кўра, Яккадарахт маҳалласида 270 нафар боғча ёшидаги болалар мавжуд. Мевазорда маҳалласида ҳам тахминан шунча. “Ақлвой” автобуслари орқали уларнинг 60 нафарини мактабгача таълимга қамрашга эришилди. 

[gallery-22751]

Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўринбосари Даврон Тожиевнинг таъкидлашича, вилоят бўйича мана шундай “Ақлвой” автобусларидан 6 таси ҳозирги кунда 12 та боғчаси йўқ олис ҳудудларга бириктирилган ва уларга 500 нафарга яқин бола қамраб олинган. 

Кейинги манзил тумандаги Тинчлик маҳалласида жойлашган 1-давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. 150 ўринга мўлжалланган ушбу боғча 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, у ерда болажонлар учун барча шароитлар муҳайё. Биз борган куни тарбия муассасасида “Атлас сайли” ўтказилаётган экан.

Миллийликни кенг тарғиб қилишга, анъаналаримизни асрашга, ўзбек халқининг кенг тарихи, улкан ижоди, ўлмас қадриятларини тарбияланувчиларнинг онгига сингдириш мақсадида ташкил этилган тадбирда иқтидорли болажонлар иштирокида “Оқ теракми-кўк терак”, “Ким оладиё шугинаниё”,  “Оқ тўлпорим”, “Ҳаккала-дуккала” каби миллий ўйинлар мусиқа садолари остида моҳирона намойиш этилди. 

Тадбир доирасида “Йил тарбиячиси” танловининг туман босқичи ғолиблари ҳам тақдирланди. 

Шундан сўнг тумандаги ЯТТ Исматиллаева Ойсара Эргашевнага қарашли 50 ўринга мўлжалланган давлат шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишилди. Ўз фаолиятини 2022 йилда бошлаган мазкур боғча қисқа фурсатда аҳолининг эътиборини қозонди. Боиси ташкилот таъсисчиси Ойсара Исматиллаева узоқ йиллар мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячи бўлиб ишлаган. Унинг ташаббуси натижасида 17 та иш ўрни яратилган. 

Боғчада 6 нафар кам даромадли оила фарзандлари бепул тарбияланиб келмоқда. Ментал арифметика, хорижий тиллар, шахмат, мусиқа тўгараклари кенг тарғиб этилган. Шунингдек, тарбияланувчиларнинг руҳан соғлом, маънан бақувват бўлиб ўсиши учун олий тоифали педагоглар томонидан болалар учун массажлар, дефектолог хизматлари мавжуд. Ёз ойларига мўлжалланган ташқи бассейн, ўйин майдончалари ҳам жажжи кичкинтойлар ихтиёрида.

Маълумотларга кўра, Ғузор туманида 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълимга қамров даражаси 72 фоизни ташкил қилмоқда. Йил охиригача ушбу кўрсаткични 80 фоизга кўтариш мўлжалланган. Умумий ҳисобда айни кунга қадар туманда 210 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари