Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, сифатли таълим орқали рақобатбардош авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Айниқса, умумий ўрта таълим тизимида педагог кадрларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Бундай ижобий натижаларни Навоий шаҳридаги 11-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин.
Бугунги кунда мактабда 2014 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Таълим жараёнига жалб этилган 178 нафар педагог ходимнинг 93 фоизи юқори малакали бўлиб, бу давлат томонидан педагог кадрларни қўллаб-қувватлаш, малака ошириш ва аттестация тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.
Таълим даргоҳида ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг касбий ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирда мактабда давлат мукофотлари, соҳавий кўкрак нишонлари соҳиблари, шунингдек, миллий ва халқаро сертификатларга эга 95 нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Жумладан, ўқитувчиларнинг 4 нафари давлат мукофоти совриндори, 3 нафари “Халқ таълими фидойиси”, 35 нафари “Халқ таълими аълочиси” саналади. Шунингдек, улар орасида МДҲ ва халқаро даражада эътироф этилган кўкрак нишонлари соҳиблари ҳам бор. Халқаро стандартлар асосида ўтказилган аттестация натижаларига кўра, 18 нафар педагогга 70 фоиз миқдорида устама ҳақ белгиланди, шунингдек, 4 нафар ўқитувчига Вазир жамғармаси ҳисобидан ойлик рағбат пули тайинланди.
– Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси, албатта, ўқувчилар ютуқларида намоён бўлмоқда, – дейди мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Мўътабар Пўлатова. – 2024-2025 ўқув йилида мактабни битирган 11-синф ўқувчиларининг 95,3 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бу кўрсаткич бўйича мактабимиз шаҳар миқёсида ТОП-10 мактаб орасида 1-ўринни эгаллади. Иқтидорли ўқувчиларимиз фан олимпиадаларининг шаҳар, вилоят, республика ва халқаро босқичларида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Кимё, биология, математика фанлари бўйича қўлга киритилган олтин, кумуш ва бронза медаллари бунинг ёрқин исботидир. Шунингдек, “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида қўлга киритилган ғалаба, Президент мактабига қабул қилинган ўқувчилар ҳамда халқаро таълим сафарлари таълим соҳасида яратилган кенг имкониятлар самарасидир.
[gallery-27574]
Албатта, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Бу каби эришилаётган юксак натижалар эса тизимли ислоҳотлар, фидойи устозлар ва интилишга тўла ёшлар ҳамжиҳатлигининг мевасидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА