Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимда тарбия нега оқсамоқда?
17:54 / 2023-09-04

Таълим-тарбия сўзи бир-бирига табиатан мутаносибликда бутун ҳисобланувчи бирликдир. Бугунги шиддат билан ўсиб, илдамлаб кетаётган таълимдаги юксалишларни англаш учун чуқур, теран мушоҳада ҳам даркор эмасдек туюлади. Тан олиш керак, бугун таълимда тарбия негадир оқсамоқда?

Шунча имконият, шунча шароит яратилган бир пайтда фарзандларимиз тарбиясида оқсоқланиш кузатилмоқда. Бунга ким айбдор ва хатоларимиз қаерда?  

Мазкур саволларга жавоб топиш учун ЎзА мухбири 32 йиллик педагогик тажрибага эга, Бухоро шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби директори Ҳафиза Бурхонова билан суҳбатлашди.    

– Давлат раҳбари ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида таълим соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди, – дейди Ҳафиза Бурхонова. –Айниқса, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқитувчиларга улкан имкониятлар яратилди, қатор имтиёзлар берилди, хизмат доирасига кирмайдиган барча юмушлардан озод қилинди. Янада аҳамиятлиси, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлди. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга иккита хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатиш тизимининг йўлга қўйилганлиги, давлат умумтаълим мактаблари билан бир қаторда нодавлат  шаклидаги мактаблар, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари фаолият юритаётгани ушбу тизимда қисқа муддатда чуқур таркибий ва сифат ўзгаришлари юз берганини кўрсатади.  

Шу соҳадаги фаолиятимда таълимда кўплаб туб бурилишларнинг гувоҳи бўлдим. Аксарият ҳолларда фақат ва фақат таълим даражасини замон билан ҳамнафасликда олиб борилиши, цвилизациянинг таълимдаги тамойилларини шакллантирилиши бизни қизиқтирди. Кўплаб ривожланган мамлакатларда таълим тизимини қандай йўлга қўйилганлигини ўргандик. Қизиқишларимиз амалиётга, амалиётимиз жорий этиш ва тўлиқ қўллаш даражасига етди. Бунда кўплаб ютуқлар, ўқувчи-ёшларимизнинг жаҳон андозаларидан қолишмай боришини намоён этгани  хурсанд қилади. Аммо бироз кўнгил тўлмагани, кўриб гувоҳи бўлганимиз, бироз чуқур мушоҳада қилишга, муаммони ечишда калава учини йўқотишдан  ҳадиксираганимиз шуки, ўқувчиларда тарбиянинг оқсоқлангани, таълим илдами соясида қолган миллий тарбиямиз заифлашиб бормаяптимикин?  

Ҳа, албатта шундай дея оламиз, биз баралла айтганимиз ҳозирда тарбия метиндек мустаҳкамланмаган. Чунки замона ўзгариб, техника асрининг шиддати тарбия илдизига болта урмоқда. Бизнинг олдимиздаги катта муаммо ҳам шунда. Қўрқадиган жиҳати тарбиянинг емирилиши кўплаб йўқотишларга олиб келади. Аввало ота-она ва фарзанд муносабатлари, жамиятда устоз шаъни, тил ва қадриятни улуғлаш, меҳр-муҳаббат ришталари, санасак адоғи кўринмас инсонийлик билан боғлиқ керакли одатлар жамиятимиздан узоқлашиб бормоқда. Биз ўз мақсадларимиз йўлида йўқотмаслигимиз керак бўлган бола тарбиясидаги муаммоларнинг ечимини топишда  унинг асл илдизини топа олишимиз керак. Бунда жамиятни ҳар қандай аъзосини ўз режали йўли бўлишини таъминлашимиз керак.  

Аввало, мактабларда ота-она ҳамкорлиги, маҳалла тизими билан бирликда ишлашни йўлга қўйишимиз керак. Илгарилари ўқувчи ва ҳатто ўқитувчи учун ҳам катта бир орзу, ёки хаёлий ўй ҳисобланган имкониятлар ҳозир бу соҳа кишиларини озгина ҳаракатини кутиб турибди холос…  

Қўлини чўзиш истаги бор ҳар бир ўқувчи ютуқларсиз қолмаяпти. Чет элда ўқиш, улар билан бирдамликда ҳаракатда бўлиш ҳар бир илм толибига берилди. Замонавий ахборот технологиялари кириб келди. Аммо ҳалигача мактаб ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятга мойиллик, бировларга нисбатан ҳурматсизлик иллатлари бор.  

Хулоса қилиб айтганда, қачонки ота-оналар тарбия борасида мактаб билан маслакдош бўлса, муаммолар ечимида муаллимларнинг ўрни борлигини тўлиқ англасагина тарбиявий ишларда ўсиш бўлади.  

ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди.