English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимда сифат ва самарадорликка эришиш – давр талаби
22:30 / 2023-09-17

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида янги Ўзбекистонда таълимни қўллаб-қувватлашга  алоҳида  эътибор қаратилган.

Бухоро вилоятида бугунги кунда 547 та давлат умумтаълим мактаби, 21 та хусусий мактаб фаолият кўрсатмоқда. Кейинги 1 йилда улардаги олий тоифали педагоглар сони 2940 нафардан 4763 тага, 1-тоифали ўқитувчилар сони эса 7112 тадан 7800 тага етган. Таълим-тарбия жараёнини янада яхшилаш мақсадида Япония, Россия, АҚШ сингари хорижий давлатлардан 51 нафар малакали педагог бухоролик ўқувчи ёшларга сифатли дарс бера бошлашди. Биргина 2023-2024 ўқув йилида хорижлик 10 нафар юқори малакали педагог чет тилларни ўргатиш бўйича вилоят умумтаълим мактабларига жалб этилди. Мақсад  ҳар бир ўқувчининг мактаб партасидаёқ камида 2 та чет тилини ўрганишига эришишдан иборат.

Бухоролик иқтидорли ўқувчи ёшлардан  500 нафарининг хориждаги бир қатор олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги бу борада таълим сифатининг яхшиланганлигидан далолат беради. Бу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кейинги 7 йилда мамлакатимизда “Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар тил эгалари бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган. Вилоятимиздаги иқтидорли ўқувчи ёшларнинг республика ва фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этаётганлиги, жумладан, республика олимпиадаларида уларнинг 8 нафари совриндор бўлгани, халқаро олимпиадаларда эса 7 та кумуш ҳамда 12 бронза медалларини қўлга киритганликлари умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифат кўрсаткичлари давр талаблари даражасида эканлигидан дарак беради. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Вилоятда ҳам ушбу йўналишдаги ишларни кейинги 7 йилда босқичма-босқич давом эттириш назарда тутилган. Бу борада Бухоро давлат университети  асосий ўрин эгаллаб турганлигини қуйидаги рақам ва далиллардан билиб олса бўлади. Бугунги кунда бу ерда 22535 нафар талаба таҳсил олмоқда. 847 нафар профессор-ўқитувчи уларга юқори сифатли таълим бериб келмоқда.

Университетда 10 та кафедра иш олиб боряпти. Бир қатор хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумарининг тузилганлиги таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беряпти. Хориж мамлакатлари  олий ўқув юртлари билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар қўшма таълим дастурлари асосида “икки дипломли тизим” ни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Университетда, шунингдек, илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни юксалтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. 

Мухтасар қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида  белгиланган барча мақсад ва чора-тадбирларнинг ҳар бири ўз вақтида ва самарали бажарилишига ҳамда ҳаётимизда кенг тадбиқ этилишига барчамиз, шу жумладан, O’zLiDePнинг фаол аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва зиёли қатлам вакиллари бирдек масъулмиз. 

Обиджон Ҳамидов, 
O’zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати. 

ЎзА