Корея Республикаси таълим тизимида эркин фикрловчи, илмий далилларга асосланган янгиликларга интилувчан шахсни тарбиялашга устуворлик берилади.
Ўзбекистон Президенти Фарғона вилоятига ташрифи чоғида шундай мезонларга асосланиш Ўзбекистон таълим тизимига ҳам наф келтиришини таъкидлаган эди. Ҳозир Фарғона шаҳрида ана шундай талабларга жавоб берувчи мактаб ташкил этиляпти. Бунинг учун тажриба ва корейс ҳамкасблар билан ҳамкорлик зарур. Шу мақсадда Корея Республикасининг Жеолланам-до таълим бошқармаси вакиллари амалий ташриф билан Фарғона вилоятига келди. Уларни вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов қабул қилди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро дўстона муносабатлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ҳамкорлик алоқалари ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашдилар.
Жеолланам-до вилояти таълим бошқармаси бошлиғи Ким Еонгшин, Жангҳеунг таълим бошқармаси раҳбари Жеонг Ҳаенгжунг Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бердилар.
[gallery-26047]
Тадбир доирасида Фарғона вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Жеолланам-до вилояти таълим бошқармаси ўртасида ҳамкорликнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва имзоланди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА