Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълимда Корея билан ҳамкорлик ривожланмоқда
11:18 / 2026-02-11

Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиевнинг Ўзбекистондаги Корея таълим маркази директори ўринбосари Lee Eunkyu ҳамда Жанубий Кореянинг сунъий интеллект соҳасида таълим беришга ихтисослашган ENOZ таълим муассасаси директори Park Chang Hong билан учрашувида таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инновацион таълим моделларини жорий этиш ҳамда замонавий кадрлар тайёрлаш масалалари ҳақида сўз борди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин изчил ва тизимли равишда кенгайиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, сўнгги бир йил мобайнида Бухоро вилоятида корейс тили ўқитилаётган мактаблар сони 2 тадан 22 тага етгани мазкур ҳамкорликнинг амалий, самарали ва барқарор натижаси экани қайд этилди. Бу эса ҳудудда хорижий тилларга, айниқса, корейс тилига бўлган қизиқишнинг тобора ортиб бораётганини  намоён этади.

Мактаблар бўйича ўтказилган таҳлил келгуси ўқув йилидан бошлаб корейс тилини иккинчи хорижий тил сифатида ҳамда тўгараклар орқали ўрганаётган ўқувчилар сони камида икки баробарга ошишини кўрсатмоқда.

Айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда учрашувда қатор муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди. Жумладан, Бухоро шаҳрида Корея таълим маркази филиалини ташкил этиш, Бухоро давлат педагогика институтида корейс тили бўйича педагог кадрлар тайёрлаш йўналишини (алоҳида факультет) очиш, корейс тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, мактабларга Жанубий Кореядан жалб этилаётган педагоглар сонини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ушбу йўналишлар бўйича томонлар ўртасида қатор амалий келишувларга эришилди.

Шунингдек, болалар боғчаларида Корея таълим дастурлари асосида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, эрта ёшдан тил ва интеллектуал ривожланишга қаратилган инновацион дастурларни татбиқ этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

ENOZ таълим муассасаси билан ҳамкорликда жорий йилда Бухоро шаҳридаги 42-сонли умумтаълим мактабида татбиқ этилган сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларига асосланган янги ўқув моделини вилоят миқёсида кенг жорий этиш масаласи ҳам кун тартибининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Ушбу инновацион таълим модели ўқувчиларда рақамли саводхонлик, алгоритмик фикрлаш, технологик компетенциялар ҳамда замонавий билимларни шакллантиришга қаратилган.

Эришилган келишувларга мувофиқ, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб мазкур инновацион лойиҳа Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида босқичма-босқич татбиқ этилади.

– Ўқувчиларимиз корейс тилини катта қизиқиш билан ўрганяпти, уларда хорижий маданият, технологиялар ва инновацияларга бўлган қизиқиш кучаймоқда, – дейди Бухоро шаҳридаги 42-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Ҳалима Нуруллаева.–Айниқса, ENOZ таълим муассасаси билан ҳамкорликда жорий этилган сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ўқув модели таълим жараёнига янги сифат олиб кирди. Болалар фақат назарий билим олиш билан чекланиб қолмаяпти, балки амалий кўникмалар, рақамли фикрлаш ва инновацион ёндашувларни ўзлаштирмоқда.

Умуман олганда, мазкур ҳамкорлик Бухоро вилоят таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, инновацион таълим моделларини татбиқ қилиш ҳамда рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёш кадрларни тайёрлаш йўлида муҳим роль ўйнамоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири