Таълимда қандай ўзгаришларни амалга ошириш мўлжалланмоқда?
Фармон лойиҳаси таълимнинг барча турларида катта ўзгаришларни белгиламоқда.
Долзарб мавзу
Замонавий шароитда мамлакатнинг иқтисодий муваффақиятини белгилайдиган энг муҳим омиллар сифатида халқнинг турмуш тарзини яхшилаш ва аҳоли даромадини кўпайтириш йўлидаги ҳаракатларни белгилаш мумкин. Бунинг учун эса, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ечимини топа оладиган келажак авлодни тарбиялаш зарур. Таълим сифатини ошириш, замонавий таълим тизимларини амалиётга жорий этиш, энг яхши ва қобилиятли мутахассисларни таълимга жалб қилиш, халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг юқори рейтинги рўйхатига кирган таълим муассасаларининг амалиётларини миллий тизимга киритиш кутилган натижага олиб келиши мумкин.
Таълим тизимидаги ўзгаришларни амалга оширишни белгиловчи Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси учун мўлжалланган regulation.gov.uz порталида эълон қилинди.
Фармон лойиҳаси таълимнинг барча турларида катта ўзгаришларни белгиламоқда. Ушбу ҳужжат билан биргина олий таълим тизимида қатор янгиликлар кутилаётганлиги эътиборга молик.
Мазкур лойиҳада олий таълим муассасалари кадрлар тайёрлашда етук даражага етиши учун дуал таълим тизимини жорий этиш, халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг олий таълим муассасаларибўйича рейтингининг биринчи 1000 талиги рўйхатига кириши учун уларга академик ва молиявий мустақиллик бериш, илмий унвонларни мустақил бериш, ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш тартибини босқичма-босқич жорий қилиш масалаларига урғу берилган.
Дуал таълим тизими нима?
Ривожланган хорижий давлатларда таълимнинг босқичма-босқич интеграциялашуви олий таълим тизими ўзгаришини талаб қилади. Фармонда назарда тутилган ана шундай ўзгаришлардан бири бу дуал таълим тизими бўлиб, бу бир вақтнинг ўзида назарий ва амалий билимларни олишни белгиловчи ўқув тури. Оддийроқ қилиб айтганда, бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имкониятига эга бўлиш, бунинг учун ҳақ ҳам олиш мумкин дегани. Таълимдаги “дуаллик” шундан иборатки, бутун ўқув жараёни амалий ва назарий қисмларга бўлиниб, ўқиш давомида алмаштириб турилади. Олий таълим муассасаларида анъанавий тарзда олиб бориладиган назарий машғулотлар, яъни маърузалар, семинарлар, лойиҳа ишлари, семестр охирида имтиҳонлар ўртача 3 ой давом этади. Амалиёт эса, ўқиш учун шартнома тузилган корхонада ўтказилади ва бу жараён ҳам ўртача 3 ой давом этади, кейин у назария билан алмаштирилади, бутун ўқув жараёни шу тарзда давом этади. Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, талаба ташкилотдаги иш жараёнлари тўғрисида бевосита тасаввурга эга бўлиши, ҳақиқий тажриба орттириши ва ички лойиҳаларда иштирок этиши учун яхши имконият берилади, бу учун маош ҳам олади.
Дуал таълим тизими баъзи мамлакатларда, хусусан, Германия, Aвстрия, Швейцария, Дания, Голландия ва Францияда қўлланилади. Бир неча йиллардан бери ушбу тизим Хитой ва бошқа Осиё мамлакатларида амалиётга татбиқ этилмоқда.
Мазкур тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, таълим муассасасини битирган шахс бир вақтнинг ўзида меҳнат дафтарчасига муҳрланган иш тажрибаси ва дипломга эга бўлади, сўнг битирувчи, табиийки, шартнома тузган ва ўқиш харажатларини қоплаган корхонага ишга киради ҳамда иш қидириш юкидан ҳам озод бўлади.
Бугунги кунда бутун дунёда олий ва ўрта касб-ҳунар таълими соҳасидаги мутахассисларнинг касбий малакасини баҳолашда таълим тизимидаги янгиликлардан бири WorldSkills sстандарти оммалашиб бормоқда. Мамлакатимизда жорий этилиши кўзда тутилаётган ўқувчиларнинг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш – олий ва ўрта махсус дипломга эга бўлган мутахассисларнинг малакаси ва маҳорати янги профессионал стандартларга мувофиқлигини баҳолашни назарда тутади. Бунда кўргазмали имтиҳондан фойдаланилади, яъни талабага ишлаб чиқаришга яқин шароитларда ўзлаштирган касбий малакаларини мустақил экспертларга намойиш этиш имконияти берилади. Кўргазмали имтиҳон талабалар ва битирувчиларнинг маълум бир соҳада касбий фаолиятни амалга оширишга ва (ёки) маълум бир касб ёки мутахассислик бўйича ишларни бажаришга қаратилган билимлари, кўникмалари ва қобилиятларининг WorldSkills стандартларига мувофиқлигини аниқлаш учун ўтказилади.
Кўргазмали имтиҳон якуний давлат аттестацияси сифатида жорий этилиши битирувчиларнинг шубҳасиз рақобатдош устунлигига айланади. Бу эса, талабаларнинг ўқиш давридаёқ потенциал иш берувчиларни топишига имкон беради.
Таълим муассасаси учун кўргазмали имтиҳонни жорий этиш кадрлар тайёрлаш сифати бўйича таълим ташкилотлари рейтингида қатнашиш имкониятини ҳам яратади.
Олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллиги нима беради?
Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини ошириш, таълим тизимини замонавий талабларга жавоб берадиган даражага етказишнинг энг мақбул йўлларидан бири – бу уларга академик мустақилликни бериш ва таълим жараёнига давлат аралашувини камайтириш ҳисобланади.
Aкадемик мустақиллик таълим муассасасининг бошқарув сиёсатини белгилашда, таълим жараёнини амалга оширишда, кадрларни танлаш ва жойлаштиришда, шунингдек, илмий, молиявий ва бошқа тадбирларда унинг мутлақ мустақиллигини англатади. Академик ва молиявий мустақилликка эришган олий таълим муассасаси мустақил бошқарув кенгаши тузиш, унинг таркибига ходимлар, раҳбарият ва талабалар вакилларини киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Академик ва молиявий мустақиллик мазмунига кўра ташкилий, молиявий, ишга қабул қилиш (кадрлар) масаласидаги мустақиллик турларига бўлиниши мумкин. Бунда таълим муассасалари ўқув йилидаги квоталар сонини, ўқиш учун тўлов пулларини ҳам мустақил белгилаш имкониятига эга бўлади.
Замон талабига мос келадиган мутахассисларни тайёрлаш кўп жиҳатдан таълим жараёнларининг сифатига боғлиқ.
Бозор иқтисодиёти, таълимдаги рақобат муҳити ва жамоатчилик томонидан тан олиниши ўз-ўзидан таълим сифатини ошириш, университетларнинг масъулияти ва ўзини ўзи ривожлантириш учун етарли рағбат бўлиб хизмат қилади. Бундай шароитда академик мустақиллик, университетнинг ижро органлари ортиқча аралашувидан мустақиллиги унинг муваффақиятли ишлаши ва рақобатбардошлигини кафолатлайди. Битирувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун эса, таълимда илғор тажрибалар асосида баҳолашнинг янги тизимини жорий этиш касбий тайёргарлик ва малаканинг мақоми ошишига олиб келади.
Мамлакатимизда таълим тизимига жиддий ёндашув ва янгиликларни жорий этиш, соҳанинг мослашувчанлиги, очиқлигини таъминлаш, хорижий моделлар билан миллий олий таълим анъаналарини уйғунлаштириш, таълим муассасасининг масъулияти кескин ўсишига, халқаро рейтингларга киришга замин бўлиб хизмат қилади.
Анвар РАҲМАТОВ,
Тошкент давлат юридик университети
ўқитувчиси