Тошкент кимё халқаро университети Самарқанд филиалида “Таълим жараёнини рақамлаштириш истиқболлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Таълим жараёнини модернизация қилиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологияларни таълим тизимига жорий этиш ҳамда турли фан соҳаларида рақамли ечимлардан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган анжуманда 300 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар ўз илмий маъруза ва мақолалари билан иштирок этди.
– Бугунги кунда барча соҳалардаги сингари таълим тизими ҳам рақамлашмоқда, – деди Тошкент кимё халқаро университети Самарқанд филиали директори, профессор Низомжон Ишонқулов. – Шу мақсад йўлида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари масаласи ҳақида фикр алмашиш учун халқаро доирада олимларни жалб этдик. Кейинги йилларда юртимиз олий таълим тизимида рақамлаштириш орқали кўплаб қоғозбозлик ишлари камайди, "Hemis" тизими орқали олий таълим жараёнини бошқариш амалиёти йўлга қўйилди. Филиалимизда 15 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, уларни ҳужжатлаштириш ишлари, таълим жараёнини бошқариш тизими рақамлаштирилган. Бу орқали таълимнинг самарадорлиги ва сифатини янада оширишга эришиш имкониятлари кенгаяди.
Икки кун давом этган илмий-амалий анжуманда олимлар олти шуъбада таълим жараёнларини рақамлаштириш ва инновацион технологияларни жорий этишнинг иқтисодий аҳамияти, фанларни ўқитишда рақамлаштириш амалиёти каби мавзуларда муҳокамалар олиб борди.
[gallery-26401]
– Ҳозирги кунда бутун дунёда олий таълим муассасалари олдида турган муаммо ва савол шундан иборат: сунъий интеллект таълимни қанчалик ўзгартиради? – деди Тошкент кимё халқаро университетининг молия кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент Шоҳжаҳон Элмуродов. – Адашмасам, икки кун олдин сунъий интеллект бир кунга ишламади. Натижада анча иш тўхтаб қолди. Шунда биз сунъий интеллектга қанчалик боғланиб қолганимизни тушуниб етдик. Хўш, энди нима қилиш керак? Университетларнинг олдида турган вазифа сунъий интеллектдан фойдаланиш этикасини талабаларга ўргатишдан иборат. Талабалар сунъий интеллектга суяниб, китоб ўқимай қўйди. Сунъий интеллектдан фақат таълим олишда қўшимча бир восита сифатида фойдаланиш лозим, лекин ҳамма нарсани ундан сўраш керак эмас.
Анжуман доирасида тақдим этилган илмий ишланмалар, таълим тизимига татбиқ этилиши мумкин бўлган методик таклифлар ҳамда рақамли трансформация бўйича илғор хорижий тажрибалар Ўзбекистоннинг таълим сифатини ошириш, академик муҳитни рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари