Муносабат
Шу йил 8 сентябрь куни давлатимиз раҳбари иштирокида таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган тақдимот бўлиб ўтди. Унда бир қатор таклифлар, ташаббуслар илгари сурилиб, таълим-тарбия йўналишида амалга ошириладиган устувор вазифалар тақдимот қилинди. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, педагог Гулчеҳра Тожибоева ўз муносабатини билдирди:
— Мазкур тақдимотда илгари сурилган ғоя ва таклифлар мамлакат тараққиётининг энг муҳим омили бўлган таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бугунги кунда бутун дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, қайси давлат таълимга катта эътибор қаратса, эртага унинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий салоҳияти шунчалик юксак бўлади. Шу маънода Президентимиз таъкидлаганидек, таълимга сармоя бу келажакка қўйилган энг муҳим инвестициядир.

Ўзбекистонда охирги йилларда ушбу соҳада бир қатор ишлар амалга оширилди. Натижада мактабгача таълим муассасалари сони ортиб, қамров 78 фоизга етди. Юзлаб янги мактаблар қурилди, мавжудлари таъмирланди. Педагоглар учун яратилаётган шароитлар яхшиланди, уларнинг нуфузи оширилди.
Бироқ шунга қарамасдан, ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар талайгина. Президентимизнинг мактабгача таълим тизимида ҳар йили камида 20 мингта қўшимча ўрин яратиш тўғрисидаги топшириғи бу йўналишдаги изчил ислоҳотларнинг давомлилигидан далолат. Айниқса, қамров паст бўлган ҳудудларда хусусий секторни жалб этиш, тадбиркорлар учун имтиёзлар жорий этиш орқали таълим имкониятларини кенгайтириш режаси муҳим аҳамиятга эга.
Таълим тизимининг барча босқичларида ягона мақсадни кўзлаган миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилгани таълим соҳаси учун янги йўналиш ҳисобланади. Бу ғоянинг моҳияти маънавий баркамол, билимли, Ватанга садоқатли ва замонавий дунёқарашга эга авлодни тарбиялашдир.
Концепциянинг амалий аҳамияти шундаки, у таълим ва тарбия жараёнини бир-биридан ажратмайди. Ёшлар нафақат билим олади, балки маънавият, ахлоқ ва маданият масалалари ҳам таълимнинг узвий қисмига айланади. Бу эса янги авлоднинг тўлиқ шаклланган шахс сифатида вояга етишига хизмат қилади.

Президентимизнинг ташаббуси билан “Баркамол авлод” ва “Ёшлик” жамияти негизида “Келажак” марказлари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу марказлар орқали ўқувчилар ўз қизиқишлари ва иқтидорини ривожлантириши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши мумкин бўлади.
Шунингдек, мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий қилиниши – замон талаби. Ҳар бир бола алоҳида дунё, унинг қизиқиши, салоҳияти турлича. Маслаҳатчи ўқувчига тўғри йўл кўрсатиб, унинг орзулари ва мақсадларини амалга оширишда ёрдамчи бўлади. Бу ёшларнинг шахсий ривожланиши учун янги имконият демакдир.
Президент томонидан таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган таклифлар – бу халқимиз келажаги учун ишлаб чиқилган улкан стратегия. Инфратузилмани замонавийлаштириш, миллий ғоя асосида ягона мақсад белгилаш, ёшларнинг иқтидор ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш – барчаси янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини қуришга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, таълим – бу фақатгина билим бериш эмас, балки миллатнинг келажакдаги тараққиёти, унинг руҳий ва маънавий қудрати. Шу боис таълим соҳасида ташланаётган ҳар бир қадам эртанги кун учун мустаҳкам замин яратади.
Зеро, таълим янги Ўзбекистоннинг энг муҳим қуроли, келажак авлоднинг энг катта бойлигидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА