English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим ва тиббиётдаги масъулиятсизликнинг оқибати ёмон бўлади
19:22 / 2023-12-01

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов тиббиёт ҳамда мактабгача ва мактаб таълими соҳалари раҳбар ва ходимлари билан учрашувлар ўтказди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган учрашувларда айни пайтда мазкур тизимларда кузатилаётган муаммо ва камчиликлар, масъулиятсизлик ҳақида сўз борди. Мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.  

– Таълим ва тиббиёт соҳалари халқимизнинг нафақат бугуни, балки эртанги куни, фарзандлари келажаги билан боғлиқ, – деди Э.Турдимов. – Бу соҳаларда кичик, эътибордан четда қоладиган масала йўқ. Ҳар бир ҳолат одамларнинг кайфиятига, турмуш тарзига таъсир қилади, давлатга муносабатини шакллантиради. Афсуски, кейинги пайтда бу соҳаларда мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги ва ўз вазифасини виждонан бажармаслик, давлат томонидан ажратилган маблағлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, бунинг учун қонуний жавобгарлик чоралари кўрилмоқда. Лекин бундай ҳолатларнинг одамларнинг мазкур соҳаларга ишончи йўқолишига олиб келаётгани ташвишланарлидир.

Соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан учрашувда жорий йилда вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларига 6773 турдаги дори-дармон учун 139 миллиард 770 миллион сўм маблағ ажратилгани таъкидланди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган 19 та фармацевтика корхонаси томонидан импорт қилинаётган дори воситаларига рақаботбардош 200 турдаги дорилар ишлаб чиқарилади. Аммо бугунги кунда вилоятга йилига 200 миллиард сўмлик 865 номдаги дори воситалари импорт қилинмоқда. Асосан четдан келтирилган дори воситалари савдоси билан шуғулланаётган дорихоналар кўпайиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2020 йилда вилоятда 1260 та дорихона фаолият олиб борган бўлса, ҳозир бу рақам 1800 дан ошиб кетган.  

Вилоятдаги марказий тиббиёт муассасалари атрофи дорихоналарга тўлиб кетган. Шифокорлар беморларни даволаш учун дорилар рўйхатини белгиланган стандартга асосан рецепт бланкаларига эмас, хусусий сектордаги фирма бланкаларига ёзиб, уларни реклама қилмоқда.  

Туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларида дори воситаларини сақлаш ва беморларга тарқатишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқ мисоллар билан қайд этилди.

Таълим соҳаси мутасаддилари ва педагоглар билан учрашувда мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблардаги таълим-тарбия жараёнлари, ўқитувчиларнинг ўз ишига муносабати, муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳолати танқидий таҳлил қилинди.

Хусусан, айрим мактабгача таълим ташкилотларига таъминотчилар томонидан сифатсиз маҳсулотлар келтирилаётганлиги, тарбияланувчиларга оқсил, килокаллорияга бой маҳсулотлар берилмаётгани, бу каби ҳолатлар муассасалардаги бракераж комиссияси томонидан назорат қилинмаётгани таъкидланди. Бир қатор туман ва шаҳарларда биноси яроқсиз ҳолга келган боғчалар мавжуд бўлса-да, ҳудуд раҳбарлари бунга эътибор қаратмаган ҳамда инвестиция дастурига таклиф бермаган. Натижада кўплаб боғчалар фаолияти тўхтаб қолган.

Бу йил вилоятдаги 36 та мактабда бирорта ҳам битирувчи олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган. 11 та мактабда икки йилдан буён шундай ҳолат кузатилган. Вилоятда ОТМга ҳужжат топширган битирувчиларнинг 12 та фандан ўзлаштириш даражаси 55 фоиздан паст (математикадан 28,9, физикадан 29,1 фоиз).  

Нурободдаги 19 та, Пастдарғомдаги 10 та, Каттақўрғон туманидаги 5 та таълим муассасасини қишга тайёрлаш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган. Бошқа туманларда ҳам бундай мактаблар мавжуд.

Вилоят ҳокими мактабларда ўқувчилар давомати пасайиб кетгани, ўқитувчиларнинг ўзи устида ишламай қўйгани ва дарс машғулотларига юзаки ёндашаётгани кузатилаётганини қайд этди. Бу эса болалар таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайишига олиб келаётгани таъкидланди.  

Учрашувларда муҳокама этилган масалалар юзасидан иккала соҳа масъуллари олдига аниқ вазифалар қўйилди.  

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири