Президент кўрсатмалари амалда
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Андижон вилояти ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази Андижон вилоят бўлими, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинарида вилоятдаги умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Ўқув семинарида мактабларда таълим сифатини, хусусан, маънавий-маърифий йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
[gallery-13516]
Ўқув семинарида Республика маънавият ва маърифат маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматовнинг “Таълим-тарбия – давлат ва жамиятнинг келажаги”, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулҳаё Омонованинг “Мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб иш шароитлари яратиш борасидаги устувор вазифалар”, Маънавият ва маърифат маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари Равшаной Жўрабекованинг “Маърифий тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш – муҳим масала” мавзусидаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мавзу доирасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, бу борадаги илғор тажриба ва иш услубларини оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мутахассислар эса мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берди.
Семинарда ўқилган маърузалар, билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида умумтаълим мактабларида янги ўқув йилида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА