French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим ва тадқиқотлар ҳамкорликда такомиллаштирилади
17:07 / 2024-02-14

ФОТОРЕПОРТАЖ

Тошкент кимё-технология институтида “Таълим ва тадқиқотларни такомиллаштириш – 2024” II Ҳиндистон – Ўзбекистон халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Озиқ-овқат ва биотехнология саноати учун халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлаш ҳамда институтнинг озиқ-овқат соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган конференция анъанавий ва масофавий шаклда ўтказилди. Унда Тошкент кимё технология институти, Интеграл университети (Ҳиндистон), Микробиология институти, Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий ишлаб чиқариш маркази, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника ҳамда Бухоро давлат университетлари вакиллари иштирок этди. 

Конференцияда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтган 2023 йилда амалга оширилган ишлар, ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар ҳамда жорий йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Тошкент кимё технология институти “Биотехнология” кафедраси профессори Нортожи Хўжамшукуровнинг “Ўзбекистонда биологик усулда органик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишда замонавий илмий ёндашувлар” мавзуидаги маърузаси тингланди. Профессор мамлакатимизда қабул қилинган “Органик маҳсулот тўғрисидаги қонун”да назарда тутилган тамойиллар, маҳаллий шароитда органик маҳсулотлар етиштириш ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган инновацион ечимларни таклиф этди. Жумладан, кафедрада ишлаб чиқилган ва амалиётга кенг жорий этилаётган, экологик тоза “Zoogumus”, “Insecta phytoharmone” ва “Insecta chitin-chitosan” биопрепаратларининг органик маҳсулотлар етиштиришдаги аҳамияти юзасидан маълумот берилди. 

[gallery-15963]

Анжуманда Ҳиндистоннинг Интеграл университети, Қишлоқ хўжалиги фанлари ва технологиялари факультети декани, профессор Муҳаммад Харис Сиддиқий “Барқарор қишлоқ хўжалиги: мавжуд ҳолат ва келгусидаги истиқболлар” мавзуида маъруза қилиб, дунё бўйича органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳолатини Ҳиндистон ва Ўзбекистон давлатларига таққослаган ҳолда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз таклифларини баён этди. 

Шунингдек, конференцияда “Органик қишлоқ хўжалигида микробиологик биопрепаратлар аҳамияти ва улардан фойдаланиш истиқболлари”, “Ўзбекистонда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш: Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш марказининг мақсад ва вазифалари”, “Янги Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фан тараққиёти ва инновацион ривожланиш жараёнидаги ўрни”, “Бухоро вилоятида балиқ етиштиришнинг илмий асослари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Мазкур халқаро тадбир доирасида эришилган натижалар мамлакатимиз ва ҳамкор давлатлар ўртасидаги дўстлик, ишончли ҳамкорлик, бир неча минг йиллик тарихий, маданий ва маънавий ришталарнинг янада мустаҳкамланишида ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, озиқ-овқат, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш, фармацевтика тармоқларида таълим, фан ва инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

Камола Юсупова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА