Таълим ва саноат интеграцияси масалалари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда фан ва таълимни ривожлантиришда халқаро алоқаларнинг ўрни беқиёс. Жумладан, саноат ва таълим соҳаси ривожланган ҳудудлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, Бавария Германиянинг энг ривожланган федерал ҳудуди саналади. Бу эса таълимнинг саноат билан интеграцияси бўйича уни дунёга намуна қилиб кўрсатмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Бавария Парламентининг Илм-фан ва маданият ишлари бўйича қўмитаси бошлиғи Роберт Браннекемпер билан учрашди.

Музокараларда таълим ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳаларни биргаликда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди, дейилади Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотида.
Шу ўринда айтиш мумкинки, ушбу қўмита муҳим давлат органи бўлиб, Бавариядаги барча таълим ва маданият лойиҳалари мазкур қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.
Учрашувда таълимнинг саноат билан интеграциясини Ўзбекистонда ҳам татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, юртимиздаги бир қатор мактабларда Бавария модели асосида ўқув дастурларини амалиётга жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Марҳабо МАДАМИНОВА, ЎзА