Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “MY FAIR” МЧЖ ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида битирувчи ёшларни хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртларида олий таълим олиш имкониятлари билан таништириш, олий ўқув юртлари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида “Таълим ва касб - 2023” халқаро таълим кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазма мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги таълимнинг замонавий усуллари, таълим муассасалари билан тажриба алмашиш, ёшларга ва аҳолининг кенг қатламларига уларни қизиқтираётган мутахассисликлар бўйича таълим муассасасини танлашда кўмак кўрсатиш мақсадида ўтказилди. Кўргазмада ёшларга 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистондаги хорижий университетларнинг расмийлари билан биргаликда Россия, Словакия, Беларусь, Туркия, АҚШ, Кипр, Литва, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг халқаро таълим муассасалари расмий вакиллари ўз олийгоҳлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берди.
Евросиё Миллий университети Қозоғистондаги етакчи университетлардан бири ҳисобланади. Университетнинг таълим сиёсати жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган янги билимлар, технологиялар, товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларга (шу жумладан, ўз-ўзини тарбиялаш кўникмаларига) эга бўлган мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган.
– Бугунги кунда университетимиз техник, иқтисодий, табиий ва гуманитар фанлар бўйича таълим дастурларини таклиф қилади, – дейди университет журналистика ва сиёсатшунослик факультети декани, профессор Сақ Қайрат Ўмирбай ўғли. – Университетимизда таълим фақат кундузги таълимдан иборат бўлиб, ҳозирда рейтинг бўйича ТОП – 300 таликда 277-ўриндан жой олган. Бу ерда 13 та факультетда 65 та йўналиш бўйича кадрлар тайёрланади. Магистратура ва докторантура йўналишларимиз ҳам мавжуд. Айни пайтда 20 мингдан зиёд талаба таҳсил олиб, уларнинг 3 минг нафари магистр ва докторантлардир. Университетимизнинг Қирғизистонда филиали бор. Ўзбекистонда Фарғонада филиал очиш ҳаракатидамиз. Бошқа давлатлардан келиб таълим олувчилар учун таълим муассасамизнинг “Стипендиялар программаси” бор. Қизиқувчилар қатнашиб, таълим олиш имкониятини қўлга киритишса, стипендия билан таъминлаймиз. Уларга талабалар ётоқхонасидан жой ажратилади.
Кўргазмада иштирок этган ёшлар олий таълим муассасалари масъулларидан қабул ва ҳужжатларни топшириш жараёнлари тўғрисида маълумот олди.
– Мактабимизнинг ўқувчилари ҳам ушбу кўргазмада иштирок этди. – дейди Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Замира Облаева. – Ўқувчиларимиз ўзлари қизиққан давлатлардаги олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашиб, муҳим маълумотларга эга бўлди. У ердаги талабалар учун яратилган шароитлар, ўқув жараёнлари, бизнес таълим дастурлари, малака ошириш, амалиётдан ўтиш дастурлари, грант ва стипендиялар, хорижда бепул таълим олиш имкониятлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
[gallery-11442]
Албатта, ёшларимизнинг халқаро университетларда ўқиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган малакали мутахассислар бўлиб етишиши муҳим аҳамиятга эга. Бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши эса улар учун ажойиб имкониятдир.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА