Тошкент Фотосуратлар уйида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Маҳобатли рангтасвир кафедраси” профессор-ўқитувчиларининг “Таълим ва ижод” номли кўргазмаси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти турли кафедралари профессор-ўқитувчиларининг ижодий ишлари кўргазмаси ўтказилиши анъанага айланган.

Институтнинг Рангтасвир факультети "Маҳобатли рангтасвир" кафедрасида республикамизда ва хорижда таниқли бўлган халқ рассомлари, ўз мактабига асос солган профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда эндигина танилиб келаётган истеъдодли ёш мусаввир-устозлар ҳам талабаларга касб ва таълим сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

Маҳобатли деворий рангтасвир асарлари, асарнинг композиция эскизи ва уларнинг картони, деворий асарнинг бинодаги кўриниши фотолавҳаси, дастгоҳли рангтасвир бадиий асарлари ҳамда турли услубдаги ижодий намуналар намойиш этилди.

Кўргазмада Б.Жалолов, Р.Худойберганов, Г.Қодиров, А.Алиқулов, Ш.Жуманиёзов, А.Тюрин, С.Рахмонов, Ч.Бекмиров, В.Хапов, У.Ражабов, И.Халилов, Б.Обидов, З.Фармонов, Ф.Сатторов, Ж.Туяков, З.Усмоналиев, Ф.Эркабоева сингари профессор-устозлар ва ёш устозларнинг асарлари ҳамда деворий рангтасвир асарлари эскизлари ва фор-эскизлари ҳавола этилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА