“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг кимё ва биология фанларига қизиқишини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида корхона мутахассислари бир қатор умумтаълим мактабларида бўлиб, учрашувлар ташкил этмоқда.
Ана шундай давра суҳбати Қорақалпоғистон Республикаси Элликқальа туманидаги 8-сон умумтаьлим мактабида, Хоразм вилояти Урганч туманидаги 45-сон ихтисослаштирилган давлат умумий таълим мактаб-интернати ва Қўшкўпир туманидаги 9-сонли кимё-биологияга ихтисослашган давлат умумий ўрта таьлим мактабида ўтказилди.
Тадбирда мутахассислар ёш авлодга кимё фанининг ривожи асосида юртимизда барпо этилаётган корхона ва заводлар, улардаги маҳсулотлар тайёрлаш жараёнлари, иқтисодий ривожланиш кўлами, мутахассислар тайёрлашга қаратилаётган эътибор юзасидан маълумотлар берилмоқда. Ўқувчилар Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Қўнғирот сода заводи” ҳақида батафсил маълумотга эга бўлмоқда.
Бундай учрашувларни бошқа таълим муассасаларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА