French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим ва инсон капитали – иқтисодий тараққиётнинг ҳал қилувчи драйвери
12:33 / 2026-02-02

Муносабат

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этилган Мурожаатнома мамлакат тараққиётининг келгусидаги устувор йўналишларини белгилаб берган стратегик ҳужжат бўлди. 

Унда инсон капитали, айниқса, таълим, кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновациялар иқтисодий ўсишнинг ҳал қилувчи омили сифатида концептуал жиҳатдан асослаб берилди. Масалан, кадрларни илм-фан ва инновацияларга таянган замонавий касбларга тайёрлаш орқали келгусида иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш белгиланди. Бу ерда гап алоҳида статистик кўрсаткич ёки қисқа муддатли прогноз ҳақида эмас, балки меҳнат бозори, технологиялар ва таълим тизими ўртасидаги узвий боғлиқликка асосланган узоқ муддатли стратегик ёндашув ҳақида бормоқда.

Айнан шу ёндашув олий таълим тизими олдига янги вазифаларни қўяди. Эндиликда, олий таълим муассасалари фақат билим берувчи майдон вазифасини бажармай, иқтисодиёт ўсишини ҳаракатга келтирувчи, инновация ва малакали кадрлар орқали тараққиётни таъминловчи асосий институционал илмий-амалий майдон сифатида шаклланиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, глобал иқтисодиётда рақобат қоидалари тубдан ўзгармоқда. Эндиликда мамлакатлар устунлиги табиий ресурслар ёки арзон ишчи кучи билан эмас, юқори малакали кадрлар, замонавий билимларга эга муҳандислар, мутахассислар ва ихтиро қилинаётган инновацион технологиялар салоҳияти билан белгиланмоқда. Ана шу шароитда таълим ва яратувчан малакали кадрлар тайёрлаш сиёсати Ўзбекистон иқтисодий стратегиясининг марказий бўғинига айланиб бораётгани бежиз эмас. 

Юқори қўшилган қиймат яратадиган иқтисодиёт фақат билим, амалий кўникма ва инновацион тафаккурга эга кадрлар орқали шаклланиши мумкинлиги Мурожаатномада илгари сурилган асосий ғоялардан бири сифатида ўрин олган. Бу эса таълим, касб-ҳунар ва технологияларни узвий боғлаган ҳолда, инсон капиталини миллий тараққиётнинг энг муҳим стратегик ресурси сифатида ривожлантиришни тақозо этади.

Давлатимиз раҳбари томонидан мактаб, касбий таълим ва олий таълим ўртасида узлуксиз тизим яратиш вазифасининг қўйилиши айнан шу мантиқий занжирдан келиб чиқади. Хусусан, 9-синфдан бошлаб ўқувчиларни қобилияти ва қизиқишларига қараб йўналтириш, олийгоҳга киришни мақсад қилмаган ёшларни касб-ҳунарни эгаллаш учун техникумларга жалб этиш орқали меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш механизмлари жорий этилмоқда. Мақсадли ишлар таълим тизимининг барча босқичларини иқтисодиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, кадрлар сифатини оширишга замин яратади.

Тараққий этган давлатлар тажрибасига таянган ҳолда касбий таълим ва техникумларни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар Мурожаатноманинг энг амалий йўналишларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Чунончи, ҳар йили камида 100 та техникумни тўлиқ таъмирлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар асосида жиҳозлаш, шунингдек, Германия, АҚШ, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Корея тажрибасига асосланган таълим дастурларини жорий этиш касбий таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Илғор касбий маҳорат техникумлари ва “Kasblar shaharchasi” лойиҳалари эса ишчи касблар нуфузини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт учун зарур бўлган амалий мутахассислар захирасини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.

Мурожаатномада дуал таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилгани таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашда амалий қадам сифатида намоён бўлмоқда. Бугунги кунда ўн минглаб ёшлар иш жойида амалий кўникмаларни бевосита меҳнат жараёнида эгаллаётгани, шу билан бирга, барқарор даромад манбаига эга бўлаётгани дуал таълимнинг ҳаётийлигини кўрсатади. Корхоналарни бундай таълим жараёнига жалб этиш учун солиқ ва молиявий имтиёзлар берилиши эса хусусий секторнинг кадрлар тайёрлашдаги масъулиятини кучайтириб, таълим–ишлаб чиқариш интеграциясини янада чуқурлаштиради.

Маълумки, олий таълимни халқаро даражага олиб чиқиш ва академик трансформацияни амалга ошириш мамлакат тараққиётининг стратегик устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган. Бинобарин, нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорлик асосида олийгоҳларни бошқаришнинг замонавий моделларини жорий этиш, қўшма таълим дастурларини ишга тушириш, аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш орқали таълим сифати халқаро стандартларга яқинлашиб бормоқда. Жадал интеграциялашув – миллий олий таълим тизимини глобал таълим маконининг узвий қисмига айлантирмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида илм-фан, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида илгари сурилаётган ташаббуслар таълимнинг фақат билим бериш эмас, балки иқтисодий қиймат яратиш функциясини ҳам кучайтирмоқда. Жумладан, олий таълим муассасаларида сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш, IT ва финтех йўналишидаги стартапларга инвестициялар жалб қилиш, илмий ғояларни бозор талабига мос, экспортбоп маҳсулотларга айлантиришга қаратилган дастурлар илм-фанни иқтисодий ўсишнинг бевосита драйверига айлантирмоқда. Натижада минглаб ўрта махсус ва олий таълим битирувчиларга янги иш ўринлари яратилмоқда, юқори даромадли касблар шаклланмоқда ва инновацион иқтисодиёт учун мустаҳкам замин ҳосил бўлмоқда.

Мурожаатномада таъкидланганидек, ёшлар салоҳияти ва таълим натижаларининг халқаро миқёсда эътироф этилиши мамлакат таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда. Халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритилаётган ютуқлар Ўзбекистонда интеллектуал капиталнинг изчил равишда юксалиб бораётганини тасдиқлайди.

Таъкидлаш ўринлики, ўтган йилда Ўзбекистон иқтисодиёти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 145 миллиард доллардан ошди. Экспорт ҳажми 23 фоизга ўсиб, 33,5 миллиард долларга етди. Айни натижалар глобал савдо қоидалари қайта шаклланаётган, ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирларида узилишлар кузатилаётган, хомашё ҳамда молиявий ресурслар нархи ошиб бораётган мураккаб ташқи шароитда қўлга киритилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари 60 миллиард доллардан ошиб, иқтисодий барқарорликни таъминловчи мустаҳкам молиявий таянч шаклланганини кўрсатмоқда. Бундай узоқни кўзлаган ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорликнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. 

Мурожаатномада илгари сурилган иқтисодий прогнозлардан кўриш мумкинки, иқтисодий ўсиш динамикаси 2026 йилда янада мустаҳкамланиши кутилмоқда. Давлат раҳбари баёнотида, 2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш, ўрта муддатда эса – 2030 йилга бориб 240 миллиард долларлик маррадан ошириш мақсади қўйилди. Бундай улкан рақамлар сальдоси тасодифий эмас, балки охирги йилларда шаклланган институционал ислоҳотлар, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ва экспортга йўналтирилган иқтисодий сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлмоқда.

Мамлакат иқтисодиёти тараққий этиб бораётгани экспорт сиёсатида акс этиб, эндиликда фақат ҳажмни ошириш эмас, балки унинг таркиби ва сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, 2026 йилда жами экспорт ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини эса 55 фоиздан ошириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2016 йилда 12–13 миллиард доллар атрофида бўлган экспорт ҳажми билан солиштирилганда, деярли уч баравар ўсишни англатади. Энг муҳими, ушбу ўсиш экспортнинг хомашёга таянадиган моделидан юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат ва қайта ишлашга асосланган моделга ўтилаётганини яққол кўрсатади.

Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушининг ошиб бориши меҳнат бозоридаги талаб характерига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Халқаро OECD ва International Labour Organization таҳлилларига кўра, ривожланаётган иқтисодиётларда ҳар 1 миллиард доллар қўшимча экспорт ўртача 1–1,5 мингта тўғридан-тўғри ва билвосита иш ўрни яратиш салоҳиятига эга, айниқса, саноат ва қайта ишлаш тармоқларида. Шу нуқтаи назардан қаралганда Ўзбекистонда экспорт ҳажмини 33,4 миллиард доллардан 40 миллиард долларга ошириш, яъни 6-7 миллиард доллар қўшимча экспортни таъминлаш натижасида тахминан ҳар йили камида 40–60 мингта янги доимий иш ўрни яратилади.

Бу ерда эътиборли жиҳат шундаки, яратиладиган иш ўринлари оддий меҳнатга эмас, балки муҳандис-техник ходимлар, технологлар, логистика ва экспорт менежерлари, IT ва автоматлаштириш мутахассислари каби ўрта ва юқори малакали кадрларга тўғри келади. Демак, экспорт таркибининг сифат жиҳатдан ўзгариши иш ўринлари сонидан ҳам кўра, инсон капитали сифатига қўйиладиган талабни кескин ошираётган стратегик омилга айланмоқда. Бу ҳолат таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини иқтисодий ўсишнинг ёрдамчи эмас, балки бевосита институционал таянчи сифатида қайта шакллантираётганини очиқ-ойдин намоён этади.

Хулоса қилиб айтганда, тизимли ислоҳотлар таълим соҳасини ижтимоий харажат эмас, балки стратегик инвестиция сифатида талқин этишга ўтишни англатади.

Мазкур сиёсат Ўзбекистонни босқичма-босқич билимга таянган, инновацияга очиқ ва юқори қўшилган қиймат яратадиган иқтисодиёт модели сари олиб чиқишни кўзда тутади. Шу маънода олий таълимни меҳнат бозорининг ўрта ва узоқ муддатли дастурлари асосида мунтазам янгилаб бориш, дуал таълимни барча стратегик тармоқларда тизимли жорий этиш, илм-фан натижаларини тижоратлаштириш механизмларини кучайтириш, ёшларни эрта босқичдан инновация ва тадбиркорлик муҳитига жалб этиш устувор аҳамият касб этади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

олий таълим, фан ва инновациялар вазири.

ЎзА