Узлуксиз йўлга қўйилаётган халқаро ҳамкорликлар барча соҳалар қаторида олий таълим тизими ривожида ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари илгари сураётган қўшни ва қардош давлатлар билан дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ёшлар учун айни муддао бўлмоқда.
Тарихи, анъана ва қадриятлари яқин бўлган миллат фарзандлари келгусида аҳил ва қудратли кучга айланиши табиий. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегацияси ана шундай қардош мамлакатлардан бири - Озарбайжоннинг Боку шаҳрига ташриф буюриб, таълим ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор учрашув ва тадбирларда иштирок этди.

Делегациямиз вакиллари Озарбайжон Фан ва таълим вазири ўринбосари Ҳасан Ҳасанли билан учрашув ўтказиб, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма илмий грант дастурларини давом эттириш, 2026 йилда Бокуда ректорлар форумини ташкил этиш ҳамда “Келажак муҳандислари” халқаро фестивалида озарбайжонлик ёшларнинг иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Шундан сўнг вакилларимиз Боку Олий нефть мактабига ташриф буюриб, таълим жараёни билан танишди ва Тошкент кимё технология институти ва Бухоро давлат техника университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қўшма таълим дастурларида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув ўтказди.
Бундан ташқари яна бир қатор тадбирларда иштирок этилиб, ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди.
Шербек Исломов,
ЎзА